Трансферлар ойнаси ёпилиши арафасида ҳам қатор жиддий трансферлар амалга оширилмоқда. 1 сентябр, жума куни эса футбол мухлисларини дедлайн кутмоқда.

«Барса» вингери АПЛга йўл олмоқда

Ансу Фати. Фото: ERIC ALONSO/GETTY IMAGES

Ўз вақтида Лионел Мессининг вориси сифатида кўрилган, бугунги кунга келиб «Барселона»нинг асосий таркибидаги ўрнини йўқотиб қўйган Ансу Фати фаолиятини Англияда давом эттиради. Аввалига ушбу футболчи учун «Тоттенҳэм» асосий даъвогар бўлиб турган ва уни 2024 йил июнига қадар ижарага олиши кутилаётганди. 

31 август куни чиққан маълумотларга кўра, 20 ёшли ҳужумчи Англиянинг бошқа бир жамоаси «Брайтон» сафига ўтади. Европадаги асосий инсайдер Фабрицио Романо бу ҳақда Here We Go! иборасини қўллаган ҳолда хабар берган. Бу эса келишув амалга ошиши эҳтимоли 99,9 фоиз дегани.

Фати ўтган мавсумда «Барса» сафида барча турнирлар доирасидаги 51 ўйинда қатнашган, 10 гол уриб, тўрт голга узатма берган.

«Арсенал» ёш форвардини «Монако»га сотди

«Арсенал» ҳужумчиси Фоларин Балогун «Монако» аъзосига айланди. Америкалик 22 ёшли футболчи янги клуби билан беш йиллик шартнома имзолади (2028 йил июнига қадар). Аввалроқ Фабрицио Романо «Арсенал» Балогун учун бонуслар билан бирга 40 млн евро олишини ёзганди. Келишувга кейинги сотувдан улуш тўғрисидаги банд ҳам киритилган – агар форвард шартномаси тугашидан олдин бошқа клубга сотилса, «Арсенал» 17,5 фоиз улушга эга бўлади. Балогун ўтган мавсумда Франция чемпионатидаги бошқа бир жамоа «Реймс»да ижара асосида ўйнаб, барча турнирлар доирасидаги 39 ўйинда 22 гол урган ва учта голли узатмага ҳаммуаллифлик қилганди.

«Ливерпул» майдон марказини кучайтирмоқда

АПЛдаги асосий инсайдерлардан бири Давид Орнштейн хабар берди: «Ливерпул» «Бавария» билан яримҳимоячи Райан Гравенберҳ трансферини муҳокама қилмоқда. 21 ёшли нидерландиялик ҳам фаолиятини «Энфилд»да давом эттиришни истайди. Мюнхенликлар унинг ўрнига бошқа футболчи олишга улгуриш учун трансфер имкон қадар тезроқ амалга ошишини хоҳламоқда. Гравенберҳ ўтган мавсумда «Бавария» сафида Бундеслиганинг 24 ўйинида майдонга тушган. Transfermarkt унинг тахминий нархини 30 млн евро деб баҳолаган. Журналист Крис Баскомбанинг маълумотига кўра, «Ливерпул» Гравенберҳ учун 40 млн евро таклиф қилган.