07:33 / 07.09.2023
1977

Германия ўзбекистонлик мутахассисларни қатор йўналишларда ишга жойлаштиришга тайёр

Франкфурт-Майн шаҳрида Ўзбекистон ва Германия ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Фото: Дунё АА

Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТММА) раҳбарияти ва Германиянинг Goldcliff Stark компанияси ўртасида музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Goldcliff Stark компанияси Ўзбекистондан ишчи кучи жалб қилишдан манфаатдор эканлигини ва ўзбекистонлик мутахассисларни қуйидаги йўналишларда ишга жойлаштиришга тайёрлигини билдирди:

- Ҳамширалик иши соҳасида тегишли сертификатларга эга бўлган ўрта махсус тиббий маълумотли мутахассислар;

- Меҳмонхоналар ва ресторанлар учун хизмат кўрсатувчи ходимлар (консьерж, ресепшин, хизматкор, техник, метрдотел, ошпаз, официант ва қўриқчи);

- Кафелчи, дурадгор, бетончи, сувоқчи, бўёқчи, электрчи, чилангар касблари бўйича тажрибали малакали қурувчилар.

Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорлик масалаларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида яқин келажакда Goldcliff Stark компанияси вакилларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш ва ТММА билан тегишли шартнома имзолаш юзасидан келишувга эришилди.

Top