Жаҳон | 10:00 / 08.09.2023
4522
2 дақиқада ўқилади

Коломойский 250 миллион долларни ўзлаштирганликда айбланяпти

Украина Миллий аксилкоррупция бюроси олигарх «Приватбанк»нинг 9,2 миллиард гривнасини ўзлаштириб олган, деб ҳисоблайди. Украина суди Коломойскийни 509 миллион гривна миқдорида гаров пули эвазига озод қилиш шарти билан ҳибсга олди.

Фото: Vladyslav Musiienko/REUTERS

Украина Миллий аксилкоррупция бюроси (УМАБ) тадбиркор Игор Коломойский «Приватбанк»нинг 9,2 миллиард гривна (тахминан 249 миллион доллар) миқдоридаги маблағини «талон-торож қилиш»да гумонланаётганини маълум қилди, деб хабар берди идора матбуот хизмати 7 сентябр, пайшанба куни. 

Тергов маълумотларига кўра, 2015 йил бошида Коломойский «назорат остидаги оффшор компанияни янада молиялаштириш ва банк устав капиталидаги ўз улушини ошириш» мақсадида «Приватбанк» маблағларини «қўлга киритиш режасини ишлаб чиққан». Бунинг учун банкка сунъий равишда Коломойский назорати остидаги компанияга «ўз облигацияларини ошириб юборилган қийматда қайта сотиб олиш баҳонаси билан» 9,2 миллиард гривнадан кўпроқ пул тўлаш мажбурияти юкланган.

Кейинчалик бу сумманинг бир қисми (446 млн гривнадан ортиқ) қимматли қоғозларни олди-сотдиси бўйича битимлар ниқоби остида бир-бирига боғлиқ бўлган учта компаниянинг ҳисобрақамларига, сўнгра яна иккита юридик шахснинг ҳисобрақамларига ўтказилган. Охир-оқибат, пул Коломойскийнинг шахсий ҳисобрақамига тушган ва у уларни Украина Миллий банки талабларига мувофиқ «Приватбанк»нинг устав капиталига киритган, деб хабар берди УМАБ матбуот хизмати. 

Коломойскийнинг эҳтимолий шериклари 

Коломойский билан биргаликда бу ишда банк раҳбарларидан яна беш киши иштирок этмоқда. Улар ўзгалар мулкини ўзлаштириш, жиноий йўл билан олинган мол-мулкни қонунийлаштириш, ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланмоқда. 

Сентябр ойи бошида Украина суди Коломойскийни 509 миллион гривна миқдорида гаров тўлаш имконияти билан ҳибсга олди. Ўшанда Украина хавфсизлик хизмати («СБУ») тадбиркор фирибгарлик ва жиноий йўл билан қўлга киритилган мулкни қонунийлаштиришда гумон қилинаётгани ҳақида хабар берди. Тергов маълумотларига кўра, 2013 йилдан 2020 йилгача Коломойский назорат остидаги банк тузилмалари орқали хорижга ярим миллиард гривнадан (тахминан 14 миллион доллар) ўтказган. 

Мавзуга оид