Жаҳон | 14:00 / 16.09.2024
3003
2 дақиқада ўқилади

Украиналик собиқ олигарх Коломойский Кипр фуқаролигидан маҳрум қилинди

Кипр ҳукумати Коломойскийни «шубҳали характерга эга шахс» деб атади. 2010 йилда тадбиркорга «олтин паспорт» бериш тўғрисидаги қарор республика обрўсига путур етказади, дея ҳисоблайди расмий Никосия.

Фото: ТАСС / EPA

Кипр ҳукумати саккиз киши, жумладан украиналик тадбиркор Игор Коломойскийни фуқароликдан маҳрум қилди, деб хабар берди Philenews газетаси 14 сентябр куни.

Коломойский 2010 йилда инвестициялар эвазига «олтин паспорт» олди. Шу билан бирга, нашрнинг ёзишича, тадбиркор икки йил аввал Россияда унга нисбатан солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича иш қўзғатилаётгани ҳақида Кипр расмийларини хабардор қилмаган.

Кипр ҳукуматининг қарорида таъкидланишича, тадбиркор фуқароликка қабул қилингунга қадар ҳам, кейин ҳам «шубҳали характерга эга шахс» бўлиб қолади ва унга фуқароликни бериш республика обрўси учун катта хавф туғдирди.

Коломойский Киевда ҳибсда сақланмоқда

Коломойский ҳозирда Киевда ҳибсда сақланмоқда. Украина расмийлари уни 2013-2020 йилларда назорат остидаги банклар орқали хорижга ўтказиб, 500 миллион гривнадан (13,6 миллион доллар) кўпроқ пул ювишда, шунингдек, 1992 йилда асос солган Приватбанкдан 9,2 миллиард гривна (250 миллион доллар) олганликда айбламоқда. Бундан ташқари, тадбиркор Украина собиқ президенти Леонид Кучманинг куёви, олигарх Виктор Пинчукнинг адвокати Сергей Карпенконинг буюртма асосида ўлдирилишини уюштирганликда гумон қилинмоқда.

2014 йилда Коломойский Россияда қотиллик уюштириш, урушнинг тақиқланган воситалари ва усулларини қўллаш, журналистларнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилиш ва одам ўғирлашда айбланиб, сиртдан ҳибсга олинган эди. 2024 йил март ойида Адигея суди уни экстремист деб топди.

Коломойскийдан ташқари россиялик Максим Захарченко, мисрлик Муҳаммад Абделраҳмон Муҳаммад Салем ва уларнинг оила аъзолари Кипр фуқаролигидан маҳрум бўлишди. Кипр 2020 йилда кўплаб ҳуқуқбузарликлар туфайли «олтин паспорт» дастурини тўхтатди. Қарор қабул қилинишидан аввал Al Jazeera журналистлари суриштирув ўтказган ва улар ҳатто судланган хорижликлар ва қидирувда бўлганлар ҳам фуқаролик олишлари мумкинлигини аниқлаган.

Мавзуга оид