17:42 / 09.09.2023
27882

Жаҳон тиллари университетига янги ректор тайинланди

Ўзбекистонда 2 та олий таълим муассасасига янги ректорлар тайинланди. Илҳом Тўхтасинов Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори, Жаҳонгир Қаршибоев Гулистон давлат педагогика институти ректори сифатида иш бошлади.

Фото: Олий таълим вазирлиги

Илҳомжон Мадаминович Тўхтасинов Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг ректори этиб тайинланди ва шу муносабат билан Самарқанд давлат чет тиллари институтининг ректори лавозимидан озод этилди.  

Тўхтасинов 1980 йилда туғилган, педагогика фанлари доктори, профессор. 

«И.Тўхтасиновнинг жами илмий-услубий ишлари 138 тани ташкил этиб, унинг муаллифлигида 10 та дарслик, 6 та монография, 84 та ўқув ва услубий қўлланма нашр этилган. 19 та патент ва гувоҳномалар олинган. Халқаро илмий техник базалардаги журналларда унинг 9 та мақоласи нашр этилган бўлиб, “Хирш индекси” 19 ни ташкил этади. Шунингдек, у томонидан 18 та ўзбек тилидаги машҳур асар ва романлар инглиз тилига таржима қилиниб, нашр этилган. 

И.Тўхтасинов раҳбарлигида сўнгги 2 йилда 7 нафар профессор, 9 нафар фан доктори (DSc), 25 нафар доцент ва 48 нафар фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олган. Шу билан бирга, унинг илмий раҳбарлигида 12 нафар фалсафа фанлари доктори (PhD) ва 2 нафар фан доктори (DSc) илмий даражаларини муваффақиятли ҳимоя қилган.

Тўхтасинов Илҳомжон Мадаминович раҳбарлигида Самарқанд давлат чет тиллар институти республиканинг 28 та ОТМи қаторида «World University Rankings – 2023» халқаро рейтингида «репортёр» мақомига эга бўлди.

И.Тўхтасиновнинг ташаббуси билан халқаро алоқалар бўйича 89 та етакчи хорижий олий ўқув юрти билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди, сўнгги 2 йилда 74 нафар хорижий мутахассис институтга жалб қилинди», дейилади олий таълим вазирлиги хабарида.

Илҳом Тўхтасинов Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган. У меҳнат фаолиятини Жаҳон тиллари университетида бошлаб, инглиз тили таржима назарияси ва амалиёти кафедраси катта ўқитувчиси, таржима назарияси ва
амалиёти факултети декани, инглиз тили II факултети декани бўлган.

2015-2016 йилларда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги чет тилларини ўқитишнинг инновациявий методикаларини ривожлантириш Республика илмий-амалий марказининг директори-проректор сифатида ишлаган. 2016 йилдан ҳозирги вақтга қадар Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори сифатида ишлаб келган.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига 2020 йил августидан ректорлик қилган Улуғбек Азизов 2022 йилнинг декабр ойи охирида ишдан олинганди

Шунингдек, Жаҳонгир Ҳазратқулович Қаршибоев Гулистон давлат педагогика инситути ректори этиб тайинланди.

Жаҳонгир Қаршибоев

Ж. Қаршибоев 1980 йилда туғилган, тайинловга қадар Гулистон давлат педагогика институтида ўқув ишлари бўйича проректор ва бошқа турли масъул лавозимларда фаолият юритган. Биология фанлари доктори, доцент.

Top