Жаҳон | 09:00 / 11.09.2023
8733
3 дақиқада ўқилади

WSJ: Навалний Хонқошвилининг қотили бўйича маҳбусларни алмашиш дастурига киритилиши мумкин

Россия Германияда чечен уруши иштирокчисини ўлдиришда айбланган Вадим Красиковни алмаштирмоқчи. Ғарб Алексей Навалнийни ўз ичига олиши мумкин бўлган кўп томонлама алмашинувга рухсат бермоқчи, деб ёзади WSJ. 

Фото: Евгения Новоженина / Reuters

Россия чеченистонлик собиқ дала қўмондони Зелимхон Хонқошвилини ўлдирганликда айбланиб, Германияда умрбод қамоқ жазосини ўтаётган Вадим Красиковни ватанига қайтаришга интилмоқда. Маҳбусларни алмашиш учун номзодлар орасида россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалнийнинг исми ҳам бор, деб ёзади 10 сентябр, якшанба куни The Wall Street Journal (WSJ) ғарб давлатларининг номи ошкор этилмаган расмийларига таяниб. 

Нашр юқори мартабали суҳбатдошининг айтишича, Россия президенти Владимир Путин фақат Красиков билан алмашишдан манфаатдор. Қўшма Штатлар ўз фуқароларини - 2020 йилда Россияда жосусликда айбланиб 16 йилга озодликдан маҳрум этилган собиқ денгиз пиёда аскари Пол Уилан, шунингдек, худди шу модда бўйича март ойидан бери ҳибсда сақланаётган WSJ мухбири Эван Гершковични қутқариш учун Германияда ҳукм қилинган россиялик шахс ишига умид боғлаяпти.

Шу билан бирга, Ғарб мамлакатларида судланган россияликларни Россияда ҳукм қилинган хорижликларга, шунингдек, Навалний каби қамоққа олинган сиёсий маҳбусларга кўп томонлама алмашиш муҳокама қилинмоқда, дейди WSJ манбалари. 

Красиковга Хонқошвилини ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазоси 

Шу билан бирга, Красиковни алмашиш бўйича ҳар қандай музокаралар у содир этган жиноятнинг оғирлиги сабабли «нозик ва олдиндан айтиб бўлмайдиган» бўлади, деб тан олди нашрнинг Ғарб давлатлари дипломатик доираларидаги суҳбатдошлари. Хонқошвилининг ўлдирилиши «Германия учун кутилмаган оғриқли воқеалар»дан бирига айланди ва немис элитаси орасида катта ғазабга сабаб бўлди, Красиковнинг Россияга потенциал алмашинуви «сиёсий можаро, шу жумладан мухолифат мавзусига» айланиши мумкин. Бу ҳақда аввалроқ DW билан суҳбатида сиёсатшунос, Фридрих-Эберт фондининг Россия дастури директори Алексей Юсупов билан таъкидлаган. 

2019 йил 23 август куни Берлиндаги Кичик Тиргартен боғида Вадим Соколов номига расмийлаштирилган сохта паспорти бўлган россиялик Вадим Красиков Зелимхон Хонқошвилини ўлдирганди. Полиция қотилни қўлга олишга муваффақ бўлди ва 2021 йил 15 декабрда у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Берлин суди қотил «Россия ҳукумати буйруғи асосида ишлаган ва Россия хавфсизлик аппарати таркибига кирган» деган хулосага келди. Ҳукмда айтилишича, қотиллик Хонқошвилининг иккинчи чечен урушидаги роли, жумладан 2004 йилда Назранга қилинган ҳужум учун қасос бўлган.

Мавзуга оид