Жаҳон | 10:22 / 16.09.2023
6457
2 дақиқада ўқилади

Германия Ойни ўрганиш бўйича «Артемида» дастурига қўшилди

Германиянинг АҚШдаги элчихонасида халқаро космик дастурга қўшилиш бўйича келишув имзоланди. Ҳозирда 29 давлат Ой ва Марсни тадқиқ қилиш дастурида иштирок этмоқда. 

Фото: Reuters

Ой ва Марсни тадқиқ қилишда фаолроқ иштирок этишга интилаётган Германия Американинг NASA космик агентлиги бошчилигидаги халқаро «Артемида» дастурига қўшилди. Германия авиация ва космонавтика маркази (DLR) бош директори Валтер Пелцер тегишли келишувларга ўз имзосини қўйди. Маросим Германиянинг Вашингтондаги элчихонасида 14 сентябр куни кечқурун бўлиб ўтди

Ҳужжатнинг имзоланиши муносабати билан DLR Германия «коинот тарихидаги муҳим давр»нинг бир қисми бўлишни хоҳлашини таъкидлади. «Артемида» келишуви фуқаролик фазосини тадқиқ қилиш, кометалар, астероидлар, Ой ва Марсдан тинч мақсадларда фойдаланишда ҳамкорлик тамойилларини белгилайди. Германия дастурга қўшилиши билан «Артемида» энди 29 давлатни ўз ичига олади. 

Германиянинг «Артемида» дастурига қўшадиган ҳиссаси

Вашингтонда шартномани имзолаш маросимида Германия ҳукуматининг космик тадқиқотлар бўйича координатори Анна Кристманн, Германиянинг АҚШдаги элчиси Андреас Михаэлис ва NASA раҳбари Билл Нелсон ҳам иштирок этди. DLR раҳбари Пелцер Германия ва Қўшма Штатлар узоқ вақтдан бери космик тадқиқотлар бўйича муваффақиятли ҳамкорлар бўлиб келганини таъкидлади. Мисол учун, немис компаниялари аллақачон Ойга янги қўнишга тайёргарлик кўришда марказий рол ўйнамоқда. 

Пелцернинг сўзларига кўра, «Германиянинг «Артемида» келишувларини имзолаши космик тадқиқотлар дастурини амалга ошириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларга янги туртки беради». «Артемида» келишувлари Германияда ва охир-оқибат бутун Европада саноат ва тадқиқотлар учун кўплаб янги имкониятлар очади», деди у. 

Ўз навбатида, NASA директори Нелсон «Артемида» иштирокчилари орасида Германияни қутлаб, у узоқ вақтдан бери «NASA’нинг энг яқин ва самарали халқаро ҳамкорларидан бири бўлиб келганини таъкидлади».

Мавзуга оид