07:16 / 29.09.2023
6474

Тошкентда қурилиш туфайли 500 дан ортиқ дарахт кўчирилиши мумкин

Яккасарой туманида йўл ўтказгичлар қурилиши лойиҳаси доирасида 500 дан ортиқ дарахт кўчирилиши мумкин. 

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани ҳудудидаги Бобур кўчасини Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти билан боғлайдиган ҳамда С.Толипов кўчасига туташ йўл ўтказгичлар қурилиши лойиҳаси доирасида дарахтларни кўчириш масаласи муҳокама қилинди

Лойиҳа доирасида дарахтларни кўчириш бўйича “Кўприк қурилиш” акциядорлик жамияти томонидан Давлат хизматлари маркази орқали Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасига мурожаат келиб тушган. Мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи 2023 йил ноябр ойида якунланиши ва йўл ҳаракати қисман йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

Эшитув давомида айни пайтдаги йўл ўтказгич суткасига 36 000 та автомобиль ўтказиш қувватига эга бўлиб, амалда соатига 1500 та автомобил ҳаракати учун хизмат кўрсатиши айтилди. Қурилаётган йўл ўтказгич эса соатига 6 000 та автомобил ўтказа олиши, яъни суткасига 144 000 та автомобиль ҳаракатини таъминлай олиши таъкидланди. 

Дастлаб 1,4 мингта дарахт ва буталарни кўчириш режалаштирилган, лойиҳа хиёбон ҳудудининг бир қисмини ҳам ўз ичига олган. Лойиҳа дизайни ўзгаргач кўчирилиши керак бўлган дарахтлар сони камайган. Айни дамда биринчи босқичда 69 та дарахтни кўчириш режалаштирилган, жами эса 500 дан ортиқ дарахт кўчирилиши мумкин. Ҳар бир кўчирилган дарахт уч йил давомида парвариш қилинади.

Жамоатчилик муҳокамаларида ҳар бир кўчирилган дарахт ўрнига 10 тупдан кўчат ўтқазилиши, улар махсус ўғитлар ёрдамида парваришланиши айтиб ўтилди. 

Top