Наҳимул Ҳаку 22 ёшда. У Ҳиндистондан келган. Айни дамда Самарқанд давлат тиббиёт университетининг 2-босқич талабаси. Бу университет ҳақида у ватанидаги рекламалар орқали хабар топган ва университет билан тўғридан тўғри боғланган. Шу орқали олийгоҳ ҳақида маълумот олиб Самарқандда ўқишга қарор қилган.

Наҳимул Ҳаку

— Ота-онам ўқитувчи, синглим мактабда таҳсил олади. Мен ҳам ҳаётда ўз мақсадларимга эришиш учун ҳаракат қиляпман ва шу сабабдан Ўзбекистонга келдим. Самарқандда бир йил яшадим, ҳозир иккинчи йил давом этяпти. Бу шаҳар илк келганимдаёқ менга ёққан, лекин, иқлими Ҳиндистонникидан бошқачароқ бўлгани учун кўникишга қийналганман.

Мен бу ерда ўзимни жуда хавфсиз ҳис қиламан, чунки бирор марта безорилик ёки жиноятга дуч келмадим. Шаҳарда жамоат транспорти ҳам қулай ва арзон. Автобус ва таксилар доим топилади. Бир йўналишда трамвай қатнови ҳам мавжуд ва бу жуда яхши. Лекин, мен ҳайрон қолган ҳолатлардан бири бу — аксарият аҳоли машинада юриши бўлди. Уларни ишлаб чиқарган завод ҳам бир хил. Кўчада велосепедда юрганларни ҳам кам учратдим.

Бизнинг яна бир фарқли жиҳатимиз таомлар ва егуликда деб ўйлайман. Ҳиндистонда асосан, «чапати» (нон тури) ва аччиқ гуручли овқатлар истеъмол қиламиз. Бу ерда эса қалампир менинг юртимдагидек кўп ейилмас экан. Албатта, миллий таомларингизга ҳам секин-секин мослашяпмиз.

Одатда Сиёб бозор ва Вокзал бозорига харид учун борамиз. Сотувчилар билан мулоқотда баъзи муаммолар ҳам бўлиб туради. Бундай вазиятда биз Google translate’дан фойдаланамиз. Шу орқали одамлар билан алоқа қилишимиз мумкин. Бозорда сотувчилар бизга ажойиб муомала қилишади. Баъзан бизнинг машҳур ҳинд актёрларни эътироф этиб, ҳазиллашишади ҳам.

Университет шароитлари ҳам яхши. Дарслар инглиз тилида олиб борилади. Профессор ўқитувчилардан таълим оламиз. Улар билан ҳам муаммо йўқ. Таълим жараёни сифатли. Айниқса, бу ерда давоматга жиддий эътибор қаратилади. Агар сабабсиз дарсга қатнаша олмасангиз ўзингизга муаммо бўлади. Ўйлашимча, бу тиббиёт олийгоҳи талабалари учун нормал ҳолат. Чунки, ҳар қандай мувафаққият ортида худди шундай қатъий интизом туради.

Шу билан бирга, университет раҳбариятига бир масала юзасидан илтимос ва таклиф киритмоқчи эдим. Бу контракт тўлаш жараёни билан боғлиқ масала. Биз ҳозирда контракт пулини университетга воситачилар орқали тўлаяпмиз. Бу эса бизда бироз хавотир уйғотади ва мен каби бошқа талабалар учун ҳам баъзи муаммоларни келтириб чиқаради. Агар шу жараён олийгоҳ ва талаба ўртасида тўғридан тўғри амалга ошса, ортиқча тушунмовчиликлар бўлмайди, деб ўйлайман.