Сергелида хусусий корхонанинг омборида рўй берган портлаш оқибатларини бартараф этиш бўйича харажатлар ва кўрилган зарарлар кейинчалик воқеада айбдор деб топилган шахслардан ундирилади. Бу жараёнда моддий ва маънавий зарар кўрган фуқаролар ва тадбиркорлар қандай йўл тутиши лозим? Бу ҳақдаги саволларга адвокат жавоб беради.
Тошкентдаги хусусий юк омборида содир бўлган фожиа оқибатида 26 та домдаги қарийб 600 та хонадон, 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, битта мактаб ва иккита боғча бинолари зарарланган. Расмийларга кўра, портлаш оқибатида 163 киши жабрланган ва 1 нафар ўсмир вафот этган.
Айни вақтда ҳукумат барчага ёрдам бермоқда. Портлаш содир бўлган омборхона эгаси — Interlogistics компаниясига нисбатан иш очилган, тергов суриштирув ишлари кетяпти. Дастлабки маълумотларга кўра, талафот суммаси 5,5-6 млрд сўмга баҳоланяпти. Бош вазир матбуот котиби бу сумма 10 млрд сўмгача ошиши мумкинлигини айтди.
Ҳозир тезкорлик билан зарар кўрган уйларга ҳокимлик томонидан ёрдам берилиб, таъмирланмоқда. Аслида бу зарарни ким қоплаб бериши керак? Адвокат Руслан Содиқов бу ҳақда бизга тушунтириб беради.
— Давлатда халқни оғир аҳволда қолдириб қўймаслик миссияси бор. Шундан келиб чиқиб, меъёрий ҳужжатлар асосида давлат ёрдам беради. Кейинги вазиятда давлат ўзига етган зарарни қандай қоплайди, деган савол қўядиган бўлсак. Бу борада Сергели туманидаги содир бўлган ёнғин натижаси бўйича ЖКнинг 259-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. Қўзғатилган жиноят иши доирасида бир қанча тергов ҳаракатлари амалга оширилади, яъни суд қурилиш-техник экспертизаси, товаршунослик экспертизаси — булар етган зарарларни ҳисоблаб беради. Шунингдек, биринчи навбатда ёнғин-техник экспертизаси ўтказилади. Бунинг муҳимлиги шундаки, бу турдаги экспертиза ёнғин келиб чиқиши сабабларини аниқлайди ва бу орқали айбдор шахслар аниқланади.

Давлат бюджетига етган зарарлар жиноят ишлари доирасида аниқланади. Айбланувчи топилгач, улардан кўрилган зарарни ундириш жараёнлари тергов давридаёқ бошланади. Зарар қоплангач, айб хусусиятига кўра, қандайдир енгилликлар берилиши мумкин. Ҳукмдан кейин ҳам зарар қопланмаса, уни қоплаш бўйича прокуратура томонидан қайта ариза киритилади. Лекин айтганимдек, тергов, суд муҳокамаси жараёнидаёқ зарарни ундириш ишлари бошланиб, судгача ҳал қилишга уринилади. Омбор ҳам сотувга қўйилиб, ўзидан зарар қопланиш чоралари кўрилиши мумкин. Таъсисчилар жиноий жавобгарликка тортилса, уларнинг шахсий мол-мулкидан ҳам зарар ундирилиши мумкин. Хулоса қилганда, давлатга етган зарар жавобгарликка тортилган шахсдан ундирилади.















