Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Покистон Ҳиндистонга қарши кенг кўламли ҳарбий операция бошлади

Покистон «Баньян-ул-Марсус» («Мустаҳкам девор») деб номланган кенг кўламли ҳарбий операцияни бошлади, деб хабар берди Покистоннинг Geo TV телеканали хавфсизлик манбаларига таяниб. Кейинроқ Покистон ҳукуматининг X'даги аккаунтида операция бошлангани ҳақидаги хабар пайдо бўлди.

Нашр манбаларига кўра, амалиёт доирасида Покистон армияси Ҳиндистон ҳудудидаги кўплаб стратегик нишонларга зарба беришни режалаштирган. Нашр Ҳиндистон-Россия қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқариладиган, товушдан тез учувчи BrahMos ракеталари омбори йўқ қилингани ҳақида хабар берди.

Шунингдек, нашр манбаларига кўра, бошланган операция давомида Покистон Ҳиндистоннинг Удҳампур ва Патҳанкот ҳаво базаларига, армия бригадаси қароргоҳи ва йирик ҳарбий омборга зарба берган.

Бир неча соат олдин Покистон армияси Ҳиндистондан ўзининг ҳаво базаларига ракета ҳужуми уюштирилганини эълон қилган ва жавоб чоралари билан таҳдид қилган эди. Базалардан бири Нур Хон Равалпинди шаҳрида, пойтахт Исломободдан 10 км узоқликда жойлашган. Шундан сўнг бутун мамлакат бўйлаб ҳаво ҳудуди маҳаллий вақт билан 10 май куни тушгача ёпилди.

Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари, юқоридаги хабарларни тасдиқловчи ҳеч қандай зарбалар ҳақида хабар бермаган. Шунингдек, Ҳиндистон расмийлари аввалроқ Покистон ҳаво базаларига зарбалар берилгани ҳақидаги хабарларга ҳам изоҳ тақдим этмаганди.

Евроиттифоқ – АҚШга автомобиллар ва самолётларга божлар билан таҳдид қилмоқда

Вашингтон билан савдо можаросида Европа Иттифоқи, агар АҚШ ҳукумати билан музокаралар натижа бермаса, Америка автомобиллари, самолётлари ва бошқа маҳсулотларига жавоб божлари жорий этиш билан таҳдид қилган. Бу ҳақда Европа Комиссиясининг умумий қиймати қарийб 95 миллиард еврога тенг Америка товарларини ўз ичига олган таклифлар рўйхатида айтилган. Шу билан бирга, ЕИ – Трампнинг божхона сиёсатига қарши Жаҳон савдо ташкилотига даъво аризаси билан мурожаат қилишини маълум қилди.

«Европа Иттифоқи АҚШ билан музокаралар йўлида ечим топишга қатъий содиқ қолади», деб яна бир бор таъкидлади Европа Иттифоқи раҳбари Урсула фон дер Ляйен. «Шу билан бирга, биз барча мумкин бўлган вариантларга тайёргарлик кўришни давом эттирмоқдамиз», дея қўшимча қилди у эҳтимолий жавоб мажбуриятлари бўйича таклифни ратификация қилиш имкониятига ишора қилиб.