13 октябр куни Савдо-саноат палатасида президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши янгиланган таркибининг илк мажлиси бўлиб ўтди. Унда тадбиркорларни рағбатлантириш учун тузилаётган янги рейтинг лойиҳаси муҳокама қилинди.
Тадбирдан сўнг Kun.uz мухбири мажлис якунлари бўйича ССП раҳбари Даврон Ваҳобов ва иқтисодчи Юлий Юсуповлар билан суҳбатлашди.
- Нима муносабат билан йиғилдик бугун?
- Даврон Ваҳобов, ССП раҳбари: 18 августда давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан очиқ мулоқотдан кейин янги таркибдаги жамоатчилик кенгаши шаклланган эди. 4 сентябр куни 292-сонли президент қарори билан 10 дан ошиқ соҳаларни қамраб олган тадбиркорлардан ташкил топган кенгаш тузилди. Бугун биринчи йиғилиш. Йиғилишдан мақсад — президентнинг 292-сонли қарори бўйича йўл харитасини тузиш ва очиқ мулоқотда кўтарилган масалаларни муҳокама қилиш. Биринчи банд – кичик бизнес банки шаклланиши, иккинчиси – солиқ маъмурчилиги, учинчиси – божхона имтиёзлари, тўртинчиси молиялаштириш бўйича. Шу бўйича жамоатчилик кенгаши хулосасини олиш.
Тадбиркорларни баҳолаш деганда инсон омилисиз баҳолаш мезонларини шакллантиришимиз керак. Бугун бошланғич мезонларни шакллантирдик. Тадбиркор мезонлар бўйича ўз фаолиятини юритса, кўплаб имтиёзларга эга бўлади. Дейлик, солиқ имтиёзлари, текширувлар йўқлиги. Бу платформа орқали тадбиркор ўзи ҳамкорлик қилаётган ёки шундай ниятда бўлган тадбиркорнинг рейтингини кўриб туради. Рейтинги пастроқ тадбиркорлар юқорироққа чиқишга ҳаракат қилади, имтиёзларга интилади.
- Нега айнан Солиқ қўмитасига рейтингни тузиш иши топшириляпти?
- Бу таклиф. Солиқ базасида барча тадбиркорларнинг электрон базаси бўлгани учун шу асосда шакллантириш таклиф этилди. Жамоатчилик кенгаши қўллаб-қувватламаса, бошқа бир базада шакллантирилади, таклиф эди фақат. Савдо-саноат палатаси (ССП) назоратда қатнашиши мумкин.
- Сиз ўзингиз тадбиркорсиз, тадбиркорлар устидан назорат қилишда иштирок этсангиз, манфаатлар тўқнашуви бўлмайдими?
- Бизнесларим – катта солиқ тўловчи корхоналар. ССПда эса асосан кичик ва ўрта корхоналар. Мен рақобат муҳити бўлишини қўллаб-қувватлайман. Солиқ тўловчилар тўлиқ шаффоф ишласа, рақобатбардошлик ошади.














