Ўзбекистон делегацияси Японияда бўлиб ўтаётган Осиё ўйинларида дастлабки олтин медалга сазовор бўлди.
21 сентябр куни карате бўйича баҳсларда -67 кг вазн тоифасида иштирок этган Абдулваҳоб Рашидов чемпионга айланди.
У нимчорак финал доирасидаги дастлабки баҳсда ҳонгконглик Ченг Ҳуи Панга ҳеч қандай имконият қолдирмади (8:0). Чоракфиналда фаластинлик Маҳмуд Дайфаллоҳ (5:1), яримфиналда эса иорданиялик Абдулраҳмон Алмустафо (8:0) устидан ишончли ғалабага эришди.
Финалда эса мезбонлар вакили Юго Козакидан ҳам устун келди (7:5) ва Ўзбекистон жамоаси сафида илк олтин медал қўлга киритган спортчига айланди.
Бунгача Ўзбекистон вакиллари битта кумуш ва битта бронза эга бўлиб турганди.
20 сентябр куни карате бўйича -55 кг вазн тоифаси вакили Ҳумоюнмирзо Ҳалимов финалда қозоғистонлик Жоломан Бигабилга ютқазиб қўйган ва кумуш билан кифояланганди.
21 сентябр куни аралаш жанг санъатининг модерн йўналишида -71 кг вазн тоифасида иштирок этган Нодирбек Шавкатов яримфиналда Қозоғистон вакили Қодирбек Шинбаевга ютқазиб, бронза олганди.
Энди Ўзбекистон битта олтин, битта кумуш ва битта бронза билан кучли ўнликка кириб олган.
Ҳозирча умумий рейтингда Хитой яққол етакчилик қилмоқда – 20 та олтин, 10 та кумуш ва 5 та бронза. Иккинчи ўринда мезбон Япония жойлашган – 8 та олтин, 11 та кумуш ва 12 бронза, учинчи ўринда Жанубий Корея бормоқда – 5 та олтин, 3 та кумуш ва 13 та бронза.
Қозоғистон эса ҳозирча 4 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза билан тўртинчи ўринни эгаллаб турибди.


















