Ўзбекистон | 11:42 / 23.10.2023
7742
3 дақиқада ўқилади

“Микромиллатчи даражасига тушиш” — ўзбек тилшунослари россиялик депутатнинг баёнотига жавоб қайтарди

Kun.uz мухбирининг 21 октябр – тил байрами муносабати билан ўтказган суҳбатида Россия Давлат думаси депутати Михаил Делягиннинг баёноти ва айбловлари масаласида ҳам сўз борди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ рус депутати ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг фарзандлари учун мактаб ва боғчалар қуриш ташаббусини қаттиқ танқид қилган ҳамда ўзбекистонликларни Россиядан олиб кетишга чақирганди.

Бахтиёр Исабек, тилшунос, турколог олим

— Мен Михаил Делягинга унда сен ҳам Ўзбекистондаги рус мактаб ва боғчаларини олиб кет, дея жавоб бераман. Уларни бизнинг ўзбек мактаблари емирмас, аммо биздаги рус мактаблари бизнинг миллатни емиряпти.

Элдор Асанов, тилшунос, журналист

— Россиянинг бугунги ҳолати, сиёсатини кузатаётганлар биладики, депутатлар гапи ўтмайдиган ва гапига жавоб бермайдиган қатлам бўлиб қолган. Улар жавоб бериш мажбурияти йўқлиги учун ҳам ноадекватликда ўзаро мусобақалашиб ётибди. Украина масаласида ақлга сиғмайдиган гаплар айтишади, Қозоғистонга жуда кўп гап ташлашади. Бугунги Россия сиёсати шу, ўзини кичкина миллатдек тутяпти, аммо биламиз, улар ўзи катта бир миллат. 150 млн халқи бор давлат ўзини бундай тутиши унинг имижига ҳам таъсир қилади.

Россия ўзининг геосиёсий таъсирини эски иттифоқ доирасида сақлаб қолишга уриняпти. Дўстона йўл тутиш ўрнига миллатчилик даражасига чиқариб, агрессив ҳаракат қиляпти. Биз-ку мустақил давлатмиз, ҳозир РФ ичидаги турли миллатларни ҳам шундай маданий сиқиб қўйиш бўляпти.

Бизникилар ҳам Россия тарафнинг шунақа гапларига қараб ҳисоблашаётганига ҳайрон қоламан. Худди мажбуриятимиз бордек ёки эскича тушунчалардан тозаланиб ололмаётгандекмиз.

Ориф Толиб, тилшунос, ёзувчи

— Рус депутатининг фикрлари амалий бир кучга эга эмас, шундай фикрларни Делягиндан бошқа депутатлар ҳам кўп айтган. Биз ёки депутатларимиз унга қанақадир жавоб бериб ўтирганимиз билан амалда ўзбек тили ҳимоя қилинмаса, мавқейи ошмаса, фойдаси йўқ. Бунақа жавоб бериш билан тил ҳимояланиб қолмайди.

Элдор Асанов:

— Мен ўша рус сиёсатчиларининг ўрнида бўлганимда масалан, эски таъсир доирани сақлаб қолиш учун маҳаллий тилларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаган бўлардим. Бунинг ортидан ҳурмат қозониш ва рус тилини ҳам етарли даражада сақлаб қолишга эришса бўларди. Рус давлатчилиги ўз обрўйи, имкониятларига яраша ҳаракат қилмаяпти, микромиллатчилик даражасига тушиб қоляпти.

Фикримча, бунинг ҳаммаси Россиядаги шовинистик, империялистик кайфиятнинг деконструкция қилинмаганидан. Масалан, Гитлердан кейин Германияда денацификация бўлган. Баъзи рус журналистлари билан гаплашаман ёки мақолаларини ўқийман. Улар ҳали ҳам ўтмишда Россия колония тизим ўрнатганини тан олмайди. Бошқача шаклда бўлган, дейишади.

  • Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид