АҚШнинг Ўзбекистон халқи билан ҳамкорлигини чуқурлаштириш мақсадида 23 октябр куни АҚШ Халқаро ҳамкорлик агентлиги (USAID) администратори Саманта Пауэр Тошкентга келди, деб хабар қилди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.
Ташриф давомида у глобал соғлиқни сақлаш, бошқарув ва иқтисодий ўсиш соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун қўшимча 14,2 миллион доллар ажратилишини эълон қилди.
Дипломатик миссия маълумотларига кўра, ушбу қўшимча маблағ эвазига АҚШ USAID орқали қуйидаги дастурлар устида иш олиб боради.
Силга қарши кураш
«Ўзбекистон дори-дармонга чидамли сил касаллигининг юқори даражадалиги билан курашиб келмоқда», — дейилади элчихона хабарида.
USAID беш йиллик ташаббус саналган «Силдан холи Ўзбекистон» дастурини ишга тушириб, у орқали кенг қамровли қўллаб-қувватлаш хизматларини тақдим этиш ва мамлакат бўйлаб силга қарши асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида қўшимча 3,2 миллион доллар сармоя киритади.
«Силдан холи Ўзбекистон» дастури касаллик юқишининг олдини олиш ва аниқлаш, даволашни бошлаш, сил касаллигининг стигмасини камайтириш, шунингдек, ахборот тизимлари ва молиялаштиришни такомиллаштириш бўйича Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни илгари суришда ёрдам беради. 2002 йилдан бери Ўзбекистоннинг силга қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун қарийб 60 миллион доллар сармоя киритган.
Эпидемия ва пандемия таҳдидларига қарши кураш
USAID глобал соғлиқни сақлаш хавфсизлигини мустаҳкамлашда Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилади.
«4 миллион долларлик сармоя Ўзбекистоннинг келажакдаги таҳдидлар, эпидемиялар ва пандемияларга чидамлилигини ошириш учун энг яхши тажриба ва USAID-19 чора-тадбирларидан олинган сабоқларга йўналтирилади», — дейилади хабарда.
Шунингдек, ушбу маблағ Ўзбекистонга лаборатория ва кузатув тизимларини фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини, хавф-хатарлар чоғида алоқа боғлаш ва жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтириш имконини бериши таъкидланди.
Бизнес ва хусусий секторни мустаҳкамлаш








