Жаҳон | 09:40 / 02.11.2023
12795
3 дақиқада ўқилади

Кремл Евроиттифоқ Қозоғистондан уран импортини оширишига муносабат билдирди

Россия президенти матбуот котиби ОАВда Франция президенти Эммануэл Макроннинг Қозоғистондан ЕИга уран сотиб олиш ҳажмини ошириш ниятида экани хабарларга изоҳ берди. 

Фото: РИА Новости

Рақобатга қарамай, Россия томонининг уран бозоридаги мавқейини етарлича баҳолаш керак. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга Франция президенти Эммануэл Макроннинг Қозоғистондан ЕИга уран экспортини ошириш ниятида экани ҳақида ОАВда пайдо бўлган хабарларга изоҳ берар экан, маълум қилди

«Уран бозорига келсак, ҳа, у рақобатбардош. Аммо бу ҳолатда Россия томонининг ушбу бозордаги мавқейини етарлича баҳолаш керак», — дея Песковнинг сўзларини келтиради Россия ОАВ. 

Франция президенти Эммануэл Макроннинг Қозоғистонга ташрифига изоҳ бериш сўровига жавобан Песков республика бошқа давлатлар билан муносабатларни ўз хоҳишига кўра ривожлантираётганини айтди. 

«Қозоғистон суверен давлат ва, албатта, барча давлатлар билан муносабатларни ўз хоҳишига кўра ривожлантиради», деди Кремл вакили. 

Унинг таъкидлашича, Россия ва Қозоғистон ўртасида «тарихий муносабатлар, стратегик шериклик муносабатлари» мавжуд. «У бизнинг иттифоқчимиз, бизнинг манфаатларимиз кўплаб интеграция форматларида бирлаштирилган. Ва биз Қозоғистон билан ўз муносабатларимизни ривожлантирмоқдамиз, биз буни жуда қадрлаймиз ва бу ҳолатда Остона томонидан тўлиқ жавоб ҳаракатларини кўряпмиз», - дея хулоса қилди Песков. 

1 ноябр куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Остонада франциялик ҳамкасби Эммануэл Макрон билан музокара ўтказди. Музокаралар якунида Қозоғистон ва Франция президентлари қўшма баёнот қабул қилди, олтита битим имзоланди. Қозоғистон ва Франция ўртасида стратегик фойдали қазилмалар бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги қўшма декларацияга алоҳида эътибор қаратилди. Маълумки, жаҳондаги жами уран қазиб олишнинг 40 фоиздан ортиғи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. Аввалроқ ОАВ Макрон Қозоғистондан Франция ядро иншоотларига уран етказиб беришни кенгайтиришга интилаётгани ҳақида хабар берган эди. 

Франция ва Европа Иттифоқи илгари Нигер ва Россиядан уран импорт қилган, бироқ Нигердаги давлат тўнтаришидан сўнг янги ҳарбий маъмурият республикага уран етказиб беришни тўхтатди, Россиядан таъминот эса Украинадаги уруш туфайли санкциялар таҳдиди остида қолди.

Мавзуга оид