“50 та шартномани олиб, уни халққа бермаслигингиз тўғрими?”
“Янги Ўзбекистон”да автомобиллар яна эски усулда сотилиши бошланган кўринади. Автосалонлардан бирида 50 та машина учун шартномалар бир кишининг номига расмийлаштирилган бўлиши мумкин.
UzAuto Motors 3 ноябр куни Chevrolet Cobalt, Captiva, Damas ва Labo моделлари учун шартнома бериш бошланганини эълон қилганди. Бунинг ортидан автосалонларда катта навбатлар, тиқилинч ва жанжаллар юзага келди. Бу гал онлайн платформалар орқали ҳам шартнома олиш мумкинлиги эълон қилинган бўлса ҳам, бу платформалардан ҳеч бири тайинли ишлагани йўқ. Интернетда тарқалган видеоларга кўра, айрим дилерлик марказларида харидорлар эшик ва деразаларни синдириб ичкарига кирган. Бу сафар ҳам бозордаги нархлардан камида 2-3 минг доллар арзонига автомобил олишга умид қилган харидорларнинг катта қисми чучварани хом санагани маълум бўлди. Монопол компания контрактацияни очганидан 7 соат ўтар-ўтмас, яна уни номаълум муддатга ёпди. UzAuto Motors бу сафар қанча шартнома тузилгани ҳақида маълумот бериб ҳам ўтирмади.
“Шапка” тизими қайтдими?
“Янги Ўзбекистон”да автомобиллар яна эски усулда сотилиши бошланган кўринади. Автосалонлардан бирида 50 та машина учун шартномалар бир кишининг номига расмийлаштирилаётгани айтилмоқда. Тарқалаётган видеоларда салон эшиги харидорлар учун ёпиб қўйилгани, ичкарида эса ходимлиги айтилаётган шахс реклама баннерлари билан ўралган ҳудудда машиналар учун шартномаларни расмийлаштираётганини кўриш мумкин. Kun.uz’даги маълумотларга кўра, айрим дилерлар машиналар модели ва конфигурациясига қараб 400 доллардан бошлаб “шапка” олаётган бўлиши мумкин.
Чорак асрки “миллий ғуруримиз”, “миллий брендимиз” деган ном остида халқнинг “қонини ичиб” келган автосаноатни истеъмолчилар эшикларини тақиллатиб, “арзон ва сифатли машиналар бор, илтимос, олинглар” дейдиган даражага олиб чиқа олмадик. Йиллар давомида “миллий брендимиз”ни сақлаб туриш учун адоғи йўқ субсидиялар, саноқсиз имтиёзлар бугунги кунга келиб ўз “меваси”ни бераётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Президент “Ўзавтосаноат” олдига 2022 йилнинг 1 майига қадар автосалонлардаги навбатларни тугатиш вазифасини қўйган эди. Орадан бир ярим йил ўтиб, автосаноатчилар ўзларига хос бўлган “инновацион” йўл билан навбатни йўқ қилиб юборишди: ҳеч ким тўлов ҳам қилолмайди, янги машина ҳам сотиб ололмайди. Шартнома бўлмаганидан кейин, навбатлар ҳам бўлмайди.
Ўзбекистондаги автомобилсозлик саноатининг монополистик ҳолати юқори даражада эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Умуман олганда, монополия соҳани қутқармайди, аксинча, секин ва оҳиста шаклда ўлдириб боради. Чунки бутун бир жамиятни танлашдан маҳрум қилиб, монопол ҳукмронлик қилаётган соҳа ривожланиши, глобал миқёсда рақобатбардош бўлиши мумкин эмас. Бозор иқтисодиётининг энг асосий қонунияти бу – рақобатнинг ривожланишидир. Рақобат бўлмаган тизимдан, биринчи навбатда, қуйи ва ўрта қатлам жабр кўраверади. Танловсизлик кўлами эса йилдан йилга ортиб бормоқда.
Мавзуга оид
18:45 / 27.12.2024
UzAuto Motors директори лавозимидан кетди
13:32 / 19.12.2024
Тошкент шаҳар Ёшлар ишлари бошқармаси мавжуд бўлмаган корхона билан шартнома тузган
18:27 / 31.10.2024
Янги Cobalt Midnight 7,3 миллион сўм қимматроқ бўлади
13:29 / 14.10.2024