Фото: Kun.uz

Эрон ва Саудия Арабистони қарийб ярим асрдан буён минтақадаги етакчиликни ўз қўлига олиш учун рақобат қилиб келади. 2016 йил январида Эрон расмийлари Саудияда шиа руҳонийси Нимр ан-Нимранинг қатл этилишини танқид қилгани ва Теҳрондаги қироллик элчихонаси ёқиб юборилганидан кейин расмий Ар-Риёд Эрон билан дипломатик алоқаларини узганди. Жорий йил март ойида Хитой воситачилигида икки давлат ўртасида ярашув жараёни бошланди. Мамлакатлар дипломатик муносабатларни тиклашга келишиб олишди. Шундай бўлса-да, Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги алоқаларни исталган пайтда кескинлаштириб юбориши мумкин бўлган бир қатор омиллар мавжуд.

Диний тафовут. Ҳудудида ислом дини дунёга келган Саудия Арабистони тарихан ўзини ислом олами етакчиси деб ҳисоблаб келади. Эрон эса асосан шиалардан таркиб топган мамлакат. Икки томонлама қарама-қаршилик бошланиши 1979 йилга тўғри келади. Эронда ғарбпараст Шоҳ Муҳаммад Паҳлавий тахтдан ағдарилади ва ислом республикаси ташкил этилади. Сиёсий ҳокимият оятуллоҳ бошчилигидаги диндорлар қўлига ўтади.

Шундан сўнг Теҳрон хориждаги шиа гуруҳлари ва партияларини қўллаб-қувватлай бошлайди. Ислом инқилобини бошқа мусулмон мамлакатларга экспорт қилиш кенг миқёсда тарғиб қилина бошланади. Саудия Арабистони, Баҳрайн ва Кувайтда маҳаллий режимларга қарши шиалар ҳаракати кучаяди.

Ар-Риёд доимо Эрон Яқин Шарқдаги ўрнини янада мустаҳкамлаб, етакчига айланишидан хавфсираб келади, шиалар давлати таъсири кенгайишини истамайди. Чунки, Теҳроннинг «Шиа ярим ойи» (Shia crescent) концепциясини Саудия Арабистони ўз ҳудудий яхлитлигига таҳдид деб билади. Саудия аҳолисининг 10-15 фоизини шиалар ташкил этади ва улар мамлакатнинг нефтга энг бой бўлган шарқий вилоятларида яшайди. 

Минтақадаги етакчилик учун кураш. Форслар Эрондан тортиб то Ўрта Ер денгизигача чўзилган ҳудудда назоратни қўлга киритиш учун минтақадаги етакчи кучга айланишга интилиб келади. Айниқса, Ироқда Саддам Ҳусайн режими ағдарилишидан кейин расмий Теҳроннинг таъсир доираси сезиларли даражада кенгайди. Бу эса бир қанча нуқталарда Саудия ва Эрон манфаатлари тўқнашишига сабаб бўлмоқда.

Эрон ва Саудия Арабистони шу пайтга қадар бир-бири билан бевосита уруш олиб бормаган. Асосан улар томонидан қўллаб-қувватланаётган кучлар минтақадаги қуролли тўқнашувларда қатнашиб келади.

Масалан, Яманда 2014 йил августдан бери фуқаролар уруши давом этиб келмоқда. Ушбу ихтилофда Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция ҳукумат кучларини қўллаб-қувватлаб келади. Эрон эса мамлакатдаги шиалар жамоаси ҳисобланувчи исёнчи ҳусийчиларга ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатади.