Ўткир вирусли инфекцияларга чалиниш ҳолатлари кўпайиши натижасида Тошкент шаҳри болалар клиник шифохоналарига юкламалар йилнинг бошқа даврларига нисбатан ортган. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Куз-қиш мавсуми одатда грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар тарқалиши учун қулай давр ҳисобланади. Айниқса, бу пайтда кичик ёшдаги болаларнинг нафас йўллари юқумли касалликларига чалиниш кўрсаткичлари йилнинг бошқа даврларига нисбатан анчагина ортади.
Шу боис, бутун дунёда бўлгани каби бу йил ҳам юртимизда ёш ўғил-қизлар орасида ўткир респиратор касалликларнинг даврий кўтарилиши кузатилмоқда.
Ушбу хасталикка чалинишнинг асосий улуши эса Тошкент шаҳри аҳолиси ҳиссасига тўғри келяпти. Натижада пойтахтдаги болалар клиник шифохоналарига юкламалар йилнинг бошқа даврларига нисбатан ортгани кузатилмоқда.
Шу боис, эҳтиёт чораси сифатида вазирлик мазкур ҳолатни ўз назоратига олган.
Бироқ шунга қарамасдан мавсумий юқумли касалликлар профилактикаси ва даволаш жараёнларини самарали ташкил этиш ҳамда ўткир респиратор касалликлар тарқалиши билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан бартараф этиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этмоқда», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.
Шу сабабли бугун соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов мазкур масала юзасидан йиғилиш ўтказди. Унда Тошкент шаҳридаги барча клиник шифохоналар раҳбарлари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вакиллари ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати масъуллари иштирок этди.

Йиғилишда дастлаб:
- бугунги кунда пойтахтимиздаги болалар клиник шифохоналаридаги ҳолат;
- беморларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича яратилган шароитлар;
- аҳолига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдам хизмати хусусида батафсил маълумот берилди.
Шундан сўнг вазир бу борадаги ишлар етарли эмаслигини таъкидлаб, шифохоналарга тушаётган юкламаларни тезда камайтириш, бемор болаларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур чоралар кўриш бўйича масъулларга шошилинч топшириқлар берди.
Жумладан, Зангиота-1 юқумли касалликлар шифохонасида ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалинган болалар учун ажратилган ўринлар сонини 300 тадан 500 тага ошириш белгиланди.















