Куз — мавсумий касалликлар авж оладиган давр. Айниқса, бу фаслда грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалиниш ҳолатлари кўпаяди. Хўш, шамоллаш мавсумига қандай тайёргарлик кўриш, болаларни ЎРВИ дан ҳимоялаш ва касалликни енгил ўтказиш учун нималарга эътибор бериш зарур? Қуйида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу борадаги муҳим тавсиялари билан танишасиз.
Кузда юқумли касалликлар нега кўпаяди?
Кузда ҳаво салқинлашади, болалар таътилдан мактабга қайтади, одамлар эса кўпроқ ёпиқ хоналарда вақт ўтказади. Бу вирус ва бошқа инфекцияларнинг юқишини осонлаштиради. Совуқ кунларда эшик ва деразалар ёпилиб, хона ҳавоси кам алмаштирилиши ҳам вируслар тарқалишига қулай шароит яратади.
Совуқ ҳарорат юқори нафас йўлларидаги туғма иммунитет ҳужайралари фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши, қуруқ ҳаво эса шиллиқ қаватлар ҳимоя хусусиятларини ўзгартириши мумкин. Камҳаракатлилик ҳам организмнинг касалликларга қарши курашиш қобилиятини сусайтиради.
Болаларни юқумли хасталиклардан қандай асраш керак?
Юқумли касалликлар, асосан, ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Шу боис болага қўлларни, айниқса, овқатланишдан олдин ва ҳожатхонадан кейин совунлаб ювишни ўргатиш, беморлар билан яқин мулоқотни чеклаш муҳим.
Агар болада бурун оқиши, йўтал, томоқ оғриғи ёки иситма пайдо бўлса, уни мактаб ёки боғчага юбормаслик тавсия этилади. Бу унинг тезроқ соғайиши ва инфекция бошқаларга тарқалмаслигига ёрдам беради. Болани об-ҳавога мос кийинтириш, нам кийимда юрмаслигига эътибор бериш зарур.
Рационда сабзавот ва мевалар, сут маҳсулотлари, тухум, гўшт, балиқ ва дуккакли маҳсулотлар етарли бўлиши, газли ва энергетик ичимликлар, чипс, сухарик ҳамда ортиқча ширинликлар эса чекланиши лозим.
Етарли уйқу ҳам муҳим. Болани бир вақтда ухлаб, бир вақтда туришга одатлантириш, уйқудан олдин телефон ва планшетдан фойдаланишни чеклаш тавсия этилади.
Грипп нега хавфли хасталик дейилади?
Грипп — ўткир ва тез юқувчи касаллик. Унинг асосий манбаи грипп билан оғриган бемор ҳисобланади. Хавф гуруҳига 6 ёшгача бўлган болалар, 65 ёшдан ошган кексалар ва ҳомиладор аёллар киради. Хасталик бурун, томоқ, бронхлар ва айрим ҳолларда ўпкани зарарлайди.
















