Ўзбекистонда иссиқхона бизнеси ривожланиши пессимистик сценарий бўйича кетмоқда. Бу ҳақда East Fruit таҳлилий мақола эълон қилди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, буни қуйидаги статистик рақамлар ва маълумотлар мисолида ҳам кўриб чиқиш мумкин.
1. Ўзбекистонда иссиқхона помидорининг улгуржи нархлари кетма-кет 4 йилдан буён ўсиб бормоқда ва ҳозирда бу кўрсаткич рекорд даражага етган.

Графикда келтирилган маълумотларда, айни пайтда Ўзбекистонда иссиқхона помидорининг улгуржи нархлари ўтган йилга нисбатан 1,3 баравар, уч йил аввалгидан эса 3,5 баравар қимматроқ экани кўрсатилган.
2. Ўзбекистонда иссиқхона помидорининг улгуржи нархи Россиядаги нархлар билан деярли бир хил, қиш мавсумида эса экспорт имкониятларини ҳисобга олмаганда, бундан ҳам юқори.

3. Кетма-кет 4 йилдан бери Ўзбекистондан иссиқхона помидори экспорти пасаймоқда.

2019−2022 йилларга оид рақамлар шуни кўрсатганки, 2022 йил охирида иссиқхона помидори экспорти 16 минг тоннадан ортиқ ёки 22 фоизга қисқарган.
East Fruit прогнозларига кўра, 2023 йилда ҳам экспортнинг камайиши давом этади ва йил охирига қадар бу кўрсаткич тахминан 53−55 минг тоннани ташкил этади. Бу эса сўнгги беш йил ичидаги антирекорд бўлиши мумкин.
Нима учун Ўзбекистондан иссиқхона маҳсулотларининг экспорти қисқариб бормоқда?
East Fruit таҳлилчилари фикрига кўра, бунга сабаб – иссиқхона хўжаликларининг табиий газдан фойдаланиши бўйича ўрнатилган тақиқ.
Жорий йилдан бошлаб Ўзбекистонда иссиқхоналар газдан узилиб, кўмир билан иситиш тизимига ўтишга мажбур бўлди, бу эса иссиқхона бизнес тизимини бутунлай ўзгартириб, самарадорликни кескин пасайтирди.

















