Жаҳон | 15:27 / 06.01.2024
5349
2 дақиқада ўқилади

Японияда зилзила қурбонлари сони 100 кишидан ошди

Маҳаллий расмийлар 110 киши ҳалок бўлгани, 210 киши бедарак йўқолганини маълум қилди. Қутқарув ишлари зарар етган автомобил йўллари ва об-ҳаво шароити туфайли мураккаблашмоқда. Бош вазир Кишида ёрдам етказиб беришни кечиктирмасликка чақирди.

Фото: Picture Alliance

Японияда кетма-кет содир бўлган зилзилалар қурбонлари сони 110 кишига етди. Маҳаллий ҳокимият бундай маълумотларни 6 январ, шанба куни тақдим этди. Яна 210 киши бедарак йўқолган. Бу мамлакат жануби-ғарбидаги Кумамото префектурасида содир бўлган зилзилалар 270 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган 2016 йилдан бери энг юқори ўлим кўрсаткичидир.

Бош вазир Фумио Кишида фавқулодда йиғилиш чоғида вазирларни транспорт тармоғидан узилган ҳудудларда аҳолига ёрдам етказиш учун имкон қадар тезроқ йўлларни тиклашга чақирди. Вайроналар остидан омон қолганларни қидириш давом этмоқда, бироқ қутқарув ишлари нафақат зарар етган автомобил йўллари, балки об-ҳаво шароити, шунингдек, мингга яқин кўчкилар оқибатлари туфайли ҳам мураккаблашмоқда.

Исикаванинг ўн минглаб аҳолиси - электр ва сув таъминотисиз

1 январ куни Япония марказий қисмида зилзила юз берди, унинг магнитудаси 7,6 ни ташкил этди. Кейинги кунларда такрорий силкинишлар кузатилди. Зилзила эпицентри Ното яриморолида бўлиб, у ерда кўплаб бинолар зарар кўрган ёки вайрон бўлган. Исикава префектурасининг Вадзима шаҳрида ёнғин натижасида тарихий бозор мавзеларига жиддий шикаст етган.

Худди шу ҳудудда 24 мингга яқин хонадон электр энергияси, 66 мингдан ортиқ хонадон эса сув таъминотисиз қолган. 30 мингдан ортиқ одам бошпаналарга жойлаштирилди. Бир неча қирғоқ префектураларида цунами ҳақида огоҳлантиришлар эълон қилинди. 

Зилзилалар Японияда кенг тарқалган табиий ҳодисадир. Кўп ҳолларда зарар минимал бўлади, бу қатъий қурилиш қоидаларига боғлиқ. Сўнгги 5 йил ичида Ното яриморолида зилзилалар тез-тез содир бўляпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид