Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган энг муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

Энг кўп қўйилаётган исмлар

Адлия вазирлиги анъанага кўра ўтган йили туғилган чақалоқларга энг кўп қўйилган исмлар топ-ўнталигини эълон қилди. Унга кўра, Муҳаммадали ва Солиҳа 2023 йилда ҳам энг тренддаги исмлар бўлган. Ўтган йили 24 мингдан ортиқ қизалоққа Солиҳа деб, 27 мингдан ортиқ чақалоққа эса Муҳаммадали деб исм берилган. Бу исмлар қаторасига 5-6 йилдан буён топ-ўнталикда биринчи ўринни эгаллаб келяпти.

Қизларнинг исмлари орасида Ясмина исми охирги икки йилда анча оммалашди. 2022 йилгача бирор марта тўп-ўнталикка кирмаган бу исм ўша йили 6-ўринни, 2023 йилда эса 2-ўринни эгаллади. Қаторасига тўрт йил машҳурлиги бўйича Солиҳадан кейин 2-рақамли исм бўлиб келган Муслима ўтган йили учинчи ўринга тушган. 2023 йилда энг кўп қўйилган қиз болалар исми ўнталигидан, шунингдек, Ҳадича, Имона, Шукрона, Сумайя, Ифора, Саъдия ва Мубина исмлари жой олган.

Ўтган йили ўғил фарзандли бўлган ота-оналар энг кўп танлаган учта исм – Муҳаммадали, Мустафо ва Абдуллоҳ бўлди. Яна ўн мингдан ортиқ чақалоққа Муҳаммад, Муҳаммадюсуф ва Муҳаммадамин деб исм қўйилган. Топ-ўнталикдан Нурмуҳаммад, Муҳаммаджон, Имронбек ва Муҳаммадзиё исмлари ҳам ўрин олган.

Маълумот учун, Муҳаммадали исми трендга чиққунига қадар, ўғил болалар орасида Азизбек исми биринчи ўринда бўлган, лекин охирги тўрт йилда бу исм ўнликка ҳам кира олгани йўқ. 2014-2015 йилги рейтингларда ўғил болаларга Асилбек, Умид, Озод, Шоҳжаҳон, Сардор, Жаҳонгир, Жавоҳир, Улуғбек каби исмлар кўп қўйилган.