Жаҳон | 10:16 / 23.01.2024
4651
2 дақиқада ўқилади

Навалний 25-марта жазо камерасига юборилди

Мухолифат етакчиси Алексей Навалний «ўзини нотўғри таништиргани» учун Ямалдаги колонияда 10 суткани жазо изоляторида ўтказади.

Фото: Alexandra Astakhova/Mediazona

Ямало-Ненец автоном округидаги 3-сонли ахлоқ тузатиш колонияси (ИК-3) «Полярный волк» маъмурияти россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалнийни яна жазо камерасига жўнатди. Навалнийнинг тарафдорлари 22 январ, душанба куни хабар қилганидек, сиёсатчи колония маъмуриятининг сўзларига кўра, «ўзини нотўғри таништиргани» учун 10 кунга жазо камерасига жўнатилган.

Навалний иккинчи марта 2023 йил декабр ойи ўрталарида ўтказилган Ямал колониясидаги жазо камерасига юборилди. Биринчи марта маъмурият уни 9 январ куни етти кунга жазо камерасига жойлаштириб, «маҳкум Навалний тегишли шаклда ўзини таништиришдан бош тортгани, тарбиявий ишларга реакция билдирмаётгани ва ўзи учун тегишли хулосалар чиқармаётгани»ни маълум қилганди.

Қамоқда ўтирган мухолифатчи 25-марта жазо камерасига тушди. «Умумий муддат - 283 кун», деб ёзади Навалнийнинг тарафдорлари Telegram-каналда.

Россияда Навалнийнинг жиноий таъқиб этилиши

Алексей Навалний 2021 йилнинг январида Германиядан Россияга қайтганидан сўнг дарҳол қўлга олинган, у ерда «Новичок» синфидаги модда билан заҳарланиб, даволаниш ва реабилитациядан ўтаётган эди. Кейин у айбдор деб топилиб, 2 йил-у 8 ойга озодликдан маҳрум этилди. 2022 йил март ойида Навалний фирибгарликда, кейин эса судяни ҳақорат қилишда айбдор деб топилиб, 9 йилга қаттиқ тартибли колонияга (жиноятлар бирикмаси учун) жўнатилган эди.

2023 йил августида Алексей Навалний Москва шаҳар суди томонидан «экстремистик ҳамжамият»ни ташкил этганликда айбланиб, махсус режимли колонияга 19 йилга озодликдан маҳрум этилди. Расмийларга кўра, бундай жамоа у томонидан асос солинган ФБК эди. Ямал-Ненец автоном округидаги колонияга кўчирилишидан олдин, Алексей Навалний Владимир вилоятининг Мелехово қишлоғидаги ИК-6 да бўлган.

Мавзуга оид