Адлия вазирлиги маълумотига кўра, тегишли идоравий ҳужжат 2026 йил 3 октябрда 3950-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Ҳужжат давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларига тааллуқли. Унда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланган.
Ички назорат тузилмалари коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш билан шуғулланади. Коррупцияга сабаб бўлувчи омилларни бартараф этиш ҳамда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик чораларини кўриш ҳам уларнинг вазифалари қаторига киради.
Мазкур тузилмалар фаолияти Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда тегишли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан биргаликда ташкил этилади. Улар хизмат ёки бўлинма шаклида тузилиши ёхуд алоҳида лавозимдан иборат бўлиши мумкин.
Раҳбарлар ва ходимлар учун минимал малака талаблари ҳам белгиланган. Жумладан, улар олий маълумотга, тегишли иш стажига ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ўқув курсларини тамомлаганлик сертификатига эга бўлиши керак.
Ҳужжатда ходимларни рағбатлантириш бўйича алоҳида тартиб назарда тутилган. Ички назорат тузилмалари раҳбарлари ва ходимлари фаолиятига самарадорлик кўрсаткичлари — KPI қўлланмайди. KPI билан боғлиқ устамалар максимал миқдорда татбиқ этилади. KPI'ни пасайтириш эса Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Шунингдек, ички назорат тузилмалари ходимларининг давлат ҳимоясида бўлиши, улар ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиниши белгиланган.








