Ўзбекистон | 10:22 / 02.03.2024
11390
2 дақиқада ўқилади

“Бунинг охири ўлим”: Cинтетик наркотиклар қандай таъсир қилиши ҳақида гиёҳвандлар тилидан

Синтетик моддаларни истеъмол қилгандан кейин одам ҳамма нарсага бефарқ, иштаҳасиз бўлиб қолади, ҳатто бир ҳафтагача ухлолмаслиги мумкин. “Қўлимни куйдирганимни фақат эртасига билардим. Оғриқ сезмайсиз. Тишимда кариес бор эди, бу модда таъсирида деярли ҳамма жағ тишларимни йўқотдим. Тишим оғригани ўзимга сезилмаган, кариес бўлаверганини билмай қолганман”, дейди улардан бири.

Синтетик моддалар истеъмолидан кейин ўзида қандай жараёнлар содир бўлгани ҳақида шахси сир тутилишини истаган қаҳрамонлар Kun.uzʼнинг Subyektiv лойиҳасига сўзлаб берди.

Улардан бирининг таърифлашича, синтетик моддаларга ўрганиб қолиш ҳаддан ташқари озғинликка сабаб бўлади. Моддани истеъмол қилган киши умуман овқатланмаслик, қаторасига бир неча кун ухламаслик ҳолатига тушишини айтади.

2-3 кунлаб ухламайди инсон. Орада бир кўз илиниб ҳам қолмайди, ҳатто бир ҳафтагача ухлай олмаслик мумкин. Ўзим 7 кун ухламаган инсонни кўрганман”, – дейди улардан бири.

Яна бир қаҳрамон моддани қабул қилганда оғриқ сезмайдиган бўлиб қолганини айтади.

Қўлимни куйдирганимни фақат эртасига билардим. Оғриқ сезмайсиз. Тишимда кариес бор эди, бу модда таъсирида деяли барча жағ тишимни йўқотдим. Тишим оғригани ўзимга сезилмаган, кариес бўлаверганини билмай қолганман. Тишларимнинг нервлари ўлиб, синиб, ўзи тўкилиб тушди. 1-2 та жағ тишимни ўзим олиб ташладим, қолганлари ё синган ёки касалланиб кетган. Бу жараённи шу модда таъсирида сезмаганман”, – дейди у.

У бу модда таъсиридаги одамга ҳеч ниманинг фарқи бўлмай қолиши, ҳатто одам ўлдириш ёки ўғриликка ҳам бефарқ бўлиб қолганини айтади.

Видеода шунингдек, синтетик моддалар ички органларни том маънода емириши, миядаги нейрон ҳужайраларни бирма-бир ишдан чиқариши, бундай моддаларни истеъмол қилишнинг охири ўлим экани айтилади. 

Мавзуга оид