Жаҳон | 10:26 / 11.05.2024
3342
3 дақиқада ўқилади

Reuters: Киев дастлабки F-16 қирувчиларини июн ёки июлда олади

Украина ёзнинг дастлабки икки ойида Ғарб иттифоқчиларидан биринчи F-16 қирувчи самолётларини олишни кутмоқда, деди Reuters манбаси. У биринчи етказиб беришни қайси давлат амалга оширишига аниқлик киритмади.

Фото: AP

Украина июн-июл ойларида Ғарб иттифоқчиларидан биринчи F-16 қирувчи самолётларини олишни кутмоқда, деди жума куни Киевдаги юқори мартабали ҳарбий манба Reuters агентлигига. Айни дамда Дания, Нидерландия, Норвегия ва Белгия Украинага F-16 самолётларини юборишга ваъда берди. Манба бу давлатлардан қайси бири биринчи навбатда қирувчиларни етказиб беришини айтмаган.

Reuters агентлигининг аниқлик киритишича, Украина Россия Федерацияси томонидан бошланган уруш давомида биринчи марта Россия ҳаво устунлигига қарши туриш учун Америкада ишлаб чиқарилган қирувчи самолётларни олишга интилмоқда. Ҳозирда Украина ҳарбийлари Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган жуда камтарона самолётларга таянишга мажбур. Мамлакат расмийлари F-16 келишини ҳаво кучлари учун муҳим модернизация деб ҳисобламоқда.

Шу ҳафта Украина Қуролли кучлари матбуот котиби Иля Евлашнинг айтишича, баъзи украиналик учувчилар жанговар самолётларни бошқариш бўйича машғулотларни якунламоқда. Украиналик учувчилар Руминиядаги ўқув марказида ҳам ўқитилади, шу мақсадда Нидерландиядан учта F-16 самолёти олиб келинган. Айни пайтда, Чехия Украинага қирувчиларда учиш бўйича биринчи симуляторни топширди, деб хабар бермоқда Британиянинг The Standard нашри.

NYT: Украина ваъда қилинган 45 та F-16'дан 6 тасини олади

The New York Times (NYT) март ойида ёз ўрталарига бориб, 12 нафар украиналик учувчи Дания, Британия ва АҚШда 10 ойлик машғулотлардан сўнг F-16 қирувчи самолётларида жанговар миссияларни бажаришга тайёр бўлишини ёзган эди. Бундан ташқари, NYT материалига кўра, улар фронт чизиғига қайтганида, Украина ушбу самолётлардан фақат олтитасини олади. Дания, Нидерландия, Норвегия ва Белгия Украинага 45 га яқин қирувчи самолёт жўнатишга ваъда берди, бу уч кичик эскадриля учун етарли.

Кечикишлар сабаблари Украина парвоз ходимларини ўқитишнинг узоқ муддатли жараёни билан боғлиқ. NYT таъкидлашича, ушбу қирувчи самолётлардан самарали фойдаланиш учун совет самолётларини бошқаришга ўргатилган учувчилар биринчи навбатда инглиз тилини ва Ғарб парвоз технологияларини ўрганишлари керак эди. Бундан ташқари, Вашингтон узоқ вақт давомида Киевга қирувчилар юборишга рози бўлмади. Оқ уй аввалроқ F-16 самолётлари фронтдаги вазиятни ўзгартира олмаслигини таъкидлаган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид