Аҳоли орасида “бола туғилдими, зудлик билан боғчага навбатга қўйиш керак” деган тасаввур шаклланиб қолган. Бунинг сабаби эса оддий - талаб юқори, боғчалар ва ундаги ўринлар сони чекланган. Вазирлик масъулининг тушунтиришича, навбат қачон келишини олдиндан айтиш қийин, муассасалар қуввати ва навбатлари сони турлича. Kun.uz мухбири Мактабгача таълим агентлиги бўлим бошлиғи Анвар Жўраев билан давлат боғчаларига йиллаб кутиладиган навбатлар ҳақида суҳбатлашди.
2018 йил апрел ойидан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан давлат боғчаларидаги бўш жойларнинг электрон ҳисобини юритиш, болаларни ташкилотларга қабул қилиш учун электрон навбатни шакллантириш ва йўлланмаларни расмийлаштириш махсус ахборот тизимида амалга оширилиши белгиланганди. Бугунги кунга келиб, бу тизим орқали минглаб болалар боғчаларга навбатга қўйилмоқда.
Хўш, бу жараён қандай кечади, ўртача ҳисобда боланинг боғчага чиқиш навбати қанчада келади, нима сабаб ота-оналар йиллаб навбат кутишга мажбур бўляпти? Шу каби саволларимизга Мактабгача таълим агентлигининг ахборот хавфсизлиги ва рақамлаштириш бўлими бошлиғи Анвар Жўраев жавоб берди.
Боланинг боғчага навбатга қўйилиши қандай кечади?
Мактабгача таълим ташкилотига фарзандини жойлаштирмоқчи бўлган ота-оналар давлат хизматлари маркази ёки электрон шаклда my.gov.uz сайтлари орқали навбатга қўйишлари мумкин, ҳамма аризалар электрон тарзда берилади. Бунда навбатлар боланинг ёши ва ариза берилган санага мувофиқ шакллантирилади. Соддароқ тушунтирсак, ариза берганда бир нечта ҳолатларни кўриш мумкин.
Биринчиси, санасига мувофиқ. Айтайлик, ота-она бирор боғчага болани навбатга қўйган бўлса, бугунги кунда 100-ўринда туриши мумкин. Лекин шу ўринда тургани билан ундан аввал ариза берганларнинг ёши турлича бўлади. Яъни қайсидир ота-она болани 1 ёшлигида, яна қайсидири 4 ёки 5 ёшлигида навбатга қўйган бўлади.
Бунда ариза берилганда ота-онага 2 та навбат кўринади. Дастлабкиси ариза санаси билан 100-навбат бўлса, бундан ташқари ёши бўйича ҳам навбати шаклланади. Жараёнда ёшига доир гуруҳлар шаклланади, шунга қараб ўзининг навбати бўлади. Ёши мувофиқ бўш жой бўлсагина, фарзанднинг боғчага чиқишига йўлланма юборилади.








