Иқтисодиёт | 17:38 / 29.05.2024
14335
11 дақиқада ўқилади

Солиқ қўмитаси товарларнинг бозор нархини қандай аниқламоқчи?

Солиқ қўмитаси товарларнинг бозор нархини аниқлаб, шу нарх асосида солиқ ҳисоблашга ўтмоқчи. Аввалига биржа товарлари, давлат харидлари порталидаги ва маркировкаланадиган товарларга татбиқ қилинадиган бу тартиб, кейинчалик барча товарлар учун жорий қилинади. Хўш, минглаб турдаги товар ва хизматларнинг бозор нархлари қандай аниқланади? СҚ масъули Даврон Бобожонов Kun.uz'га батафсил маълумот берди.

Фото: Shutterstock / Zadorozhnyi Viktor

“Товарларнинг (хизматларнинг) бозор нархларидан келиб чиқиб солиқ базасини аниқлаш орқали тенг рақобат муҳитини яратиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатга “Товарларнинг (хизматларнинг) бозор нархидан келиб чиқиб солиқ базасини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги низом лойиҳаси илова қилинган.

Унда товарларнинг (хизматларнинг) бозор нархини аниқлашда фойдаланиладиган усуллар, уларни қўллаш тартиби ҳамда товарларнинг (хизматларнинг) бозор нархидан келиб чиққан ҳолда қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ базасини аниқлаш тартиби кўрсатилган.

Айни масала юзасидан Kun.uz саволларига Солиқ қўмитаси стратегик режалаштириш бўлим бошлиғи ўринбосари Даврон Бобожонов жавоб берди.

– Нима сабабдан Солиқ қўмитаси товар ва хизматларнинг бозор нархи асосида солиқ базасини ҳисоблашга ҳаракат қиляпти?

Бозорда бир хил товар иккита тадбиркор томонидан ҳар хил нархларда сотиляпти. Биринчи тадбиркор уни бозор нархида, талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда 1000 сўмдан сотяпти ва шундан келиб чиқиб солиқ тўлаяпти. Иккинчи тадбиркор худди шу товарни 1000 сўмдан сотяпти-да, лекин бухгалтерия ҳужжатларида солиқни камроқ тўлаш мақсадида 500 сўмга сотдим деб кўрсатяпти.

Шу ерда рақобат бузиляпти, ҳисоб фактурада товарни 500 сўмга сотдим деб кўрсатаётган тадбиркор солиқни камроқ тўлагани учун ютади; у 800, 900 сўмдан сотса ҳам унга манфаатли бўлади. Кейин харидорлар 1000 сўмдан эмас, 800 сўмдан сотаётганга боради.

Шу ерда тадбиркорлар ўртасида биринчидан, ноҳалол рақобат юзага келяпти, иккинчидан, хуфиёна иқтисодиёт кучайишига омил бўляпти. Ҳақиқатда реализация қилинган суммани бухгалтерия ҳужжатларида камайтириб кўрсатиш хуфиёна иқтисодиёт ривожланишига омил бўляпти. Шу нарсаларнинг олдини олиш, яъни товарларнинг бозор нархи асосида солиқ базасини аниқлаш тартиби жорий қилишдан мақсад – тадбиркорлар ўртасида тенг рақобат муҳитини таъминлаш, яширин иқтисодиётнинг олдини олишга қаратилган.

Бизда жуда кўп мисоллар бор: қурилиш бозорини оласизми, саноат моллари, шакар, кўмир, нефт маҳсулотларини оласизми – ҳаммасида шунақа схема бор. Низомни Солиқ қўмитаси марказий аппарати ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан бирга ишлаб чиққанимизда бир хил товарнинг биржадаги нархлари ҳамда тадбиркорлар сотаётган нархни таққослаганимизда катта фарқ чиққанига гувоҳ бўлдик. Бу фарқ 2-3 баробарни ташкил қилади. Кейин нима учун бунақа фарқ чиққанини ўрганишни бошладик. Бозорда солиқни камроқ тўлаш эвазига товарнинг нархини арзонлаштириб, ўзига кўпроқ мижоз жалб қилиш ҳамда камроқ солиқ тўлаш асосий мотив эканини кўрдик.

Солиқ кодексининг 248-моддаси 4-қисмида бу нарса бор. Яъни битим нархи билан бозор нархи ўртасида фарқ бўладиган бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли деган асосий норма бор. Лекин ўша бозор нархини қандай аниқлайди, қайси товарларнинг нархини аниқлайди деган нарсалар йўқ эди. Шунинг учун бизда бугунги кунда солиқ назорати тадбирлари давомида тадбиркорлар, судлар томонидан эътирозлар бўляптики, қани сизлар қайси асосга кўра товарларнинг бозор нархини аниқлаяпсизлар деган масала кўтарилгандан кейин шу қарорни ишлаб чиқишга қарор қилдик. Бу масалада бир қанча судларда ишлар кўрилган. Биз ҳозир мана шу тартибни ишлаб чиқиб, тасдиқласак, судлар, солиқ тўловчилар билан низолар камаяди.

– Ўзингиз таъкидлаганингиздек, бу тартиб Солиқ кодексида бор эди, аммо тадбиркорларнинг эътирозларига сабаб бўлиб келган. Солиқ органлари ходимлари тадбиркорларга бозор нархини ижтимоий тармоқлардан, olx.uz каби сайтлардан аниқлаганини айтган. Бозор нархи ҳар куни ўзгариб туриши мумкин, бир хил товар ҳар хил нархларда сотилиши ҳам табиий. Қандай қилиб товарларнинг бозор нархларини аниқлаш мумкин?

– Биз низомни ишлаб чиққанда ҳам бозор нархини аниқлашда қайси манбалардан фойдаланилади деган жойига ўндан ортиқ манбани кўрсатганмиз. Манбалар ичида оммавий ахборот воситаларидан олинган ахборот деган пункт ҳам бор. Компанияларнинг ўзларининг сайтлари бор, ёки қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотларини сотадиган платформалар бор.

Биз, солиқ органлари товарларнинг нархи бозор нархига қанчалик мутаносиб эканлигини ўрганадиган пайтимиз энг биринчи биржа нархларига қараймиз. Биржа – давлат томонидан ташкил қилинган, товарларнинг бозор нархини шакллантирадиган шаффоф тизим. Биржага товаримни чиқарсам, бир қанча мижозлар билан алоқа қиламан, уларнинг ичида ким қимматроқ нарх таклиф қилса, ўшанга сотаман, битим тузаман. Ҳеч ким биржанинг нархи хато кўрсатилган, сунъий оширилган деб айта олмайди. Харидор ҳам бозор нархидан қиммат олишдан манфаатли эмас.

Агар товар биржада бўлса, биржа нархи билан солиштирамиз, агар бўлмаса, давлат харидлари порталига қараймиз. У ерда ҳам бозор нархи шаклланади. Агар биржада ҳам, давлат харидлари порталида ҳам бўлмаса, ижтимоий тармоқларга ўтамиз. Компанияларнинг расмий сайтлари бор, уларда товарлар қанчадан сотиляпти, ўрганишни бошлаймиз.

Ундан ташқари, солиқ органи 2020 йилдан бери ҳар бир фирма ўз товарини сотадиган бўлса, ҳисоб фактура орқали расмийлаштиради, у бизда кўринади. Чакана дўконларга кирсангиз, қўлингизга касса аппаратдан чиқарилган чек беради, ўша чек ҳам бизга кўриниб туради. Қанақа товар, неча пулга сотди, бошқа корхоналар томонидан шу товар нечи пулга сотилган – шуларни ҳам ўрганамиз.

Нархларни биржадан, давлат харидлари ва ижтимоий тармоқлардан кўрамиз деяпсиз, лекин буларнинг ҳеч бири бозордаги нархлар ҳақида реалликни кўрсатмайди. Нархларни шакллантиришда тадбиркорларда турлича факторлар бўлиши мумкин-ку? Бундан ташқари, миллионлаб товарларнинг ҳар бирининг нархини солиқ органлари қандай аниқламоқчи? Бу кўп вақт ва ресурс талаб қилмайдими?

– Биринчи навбатда, биз бозор нархини биржада сотиладиган товарларга, давлат харидлари порталида сотиладиган товарлар ва кўчмас мулкка қўллаймиз деганмиз – 2024 йил 1 августдан.

1 октябрдан эса маркировка қилинадиган товарларга қўлланади, булар алкогол ва тамаки маҳсулотлари, маиший техникалар ва дори-дармон кабилардир. Шуларнинг натижасига қараб, 2025 йил 1 февралдан бошқа товар ва хизматларга татбиқ қилмоқчимиз.

Савол бўляпти, бу товар биржада ҳам, давлат харидларида ҳам йўқ, нархни қандай аниқлаймиз? Солиқ органларига 55 та вазирлик ва идорадан 170 га яқин маълумот келади. Ундан ташқари, ҳар бир корхонанинг ҳисоб фактураси ҳам, чеки ҳам бизга кўринади. 2022 йилдан бошлаб ҳар бир товарга МХИК жорий қилганмиз. Мисол учун, МХИК кодга қараб товарнинг бир хиллигини билиб оламиз. Дейлик, иккита дўконда бир хил фалон номдаги минерал сув сотиляпти. Бунинг МХИК коди бор. Бу товар 2023 йил ноябрда сотилган. Шу сана бўйича худди шу товарни сотган Ўзбекистондаги барча тадбиркорлик субъектларининг маълумотларини оламиз. Ҳаммасининг рўйхатини қиламиз-да, ҳудудлар бўйича тартибга солиб чиқамиз. Дейлик, Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги дўконларни гуруҳлаб олдик. Кейинги босқичда Олмазор туманидаги дўкон қайси маҳаллада жойлашганини аниқлаймиз (бу маълумотлар ҳам бизда бор). Нархлари солиштирилаётган дўконлар бир-бирига яқин жойлашган бўлиши керак. Биз Олмазордаги дўкон билан Мирзо Улуғбек туманидаги нархларни солиштирмаймиз, нархлар фарқ қилиши табиий. Тошкентнинг марказларида нарх бошқачароқ, чеккароқ туманларда эса бошқача бўлади. Биз чакана дўконлардаги товарларнинг нархини солиштирганимизда бир жойда жойлашганига, товарнинг ишлаб чиқарувчисига, сифатига ҳам эътибор қаратамиз.

Бундан ташқари, бошқа омил ҳам бор. Дейлик, бирор товарнинг нархи бир қанча манбада бор. Шунақа бўлса, ҳаммасини қўшиб, ўртачасини чиқаришни таклиф қиляпмиз.

Солиқ қўмитасининг Маълумотларни қайта ишлаш маркази / Архив фото: Президент матбуот хизмати

Биз бу тартибни биржа товарлари, маркировкаланган товарларга жорий қилиб олсак, чакана товарларга ўтганимизда тизимни автоматлаштирамиз. Товар чакана савдода сотилган кундаги нархларни инобатга оламиз. Ҳар хил нарх келиб чиқмайди. Низомда ҳам ёзилган, бозор нархи билан битим нархи ўртасида 25 фоизлик оғишга рухсат беряпмиз. Масалан, мен товарни 1000 сўмга сотяпман, бошқа жойда 1200 сўмга сотиляпти. Бундай ҳолатда қўллай олмайман, чунки оғиш 25 фоизга ҳам етмаган. Фарқ 25 фоиздан ошиб кетса, кейин қўллаймиз. Бу коридор ҳам жуда катта, ҳеч ким зарарига сотмайди. Ҳар бир тадбиркор 10-15 фоиз арзон сотиши мумкин, лекин 25 фоиздан ошса, бунда солиқдан қочиш риски бор деб баҳолаймиз.

Аввалги лойиҳага кўра ҳам, худди сиз айтгандек биржадаги товарларга, маркировкаланадиган товарларга жорий қилиниши керак эди, адашмасам.

– Лойиҳа ишлаб чиқилган эди, айрим камчиликлар билан лойиҳа бизга қайтарилган. Қайта ишлаб, вазирликлар билан келишиб, Адлия вазирлиги экспертизасидан ўтказгунча вақт кетиб қолди.

Солиқ кодексининг 248-моддаси ишлаб турибди. Айрим корхоналарнинг солиқ базасига тузатиш киритилгани ва улар қайта ҳисобланган солиқларни тўлаб берган ҳолатлар ҳам бор. Лекин айрим ҳолларда судлар қайси тартибга асосан бозор нархни ҳисоблаяпсизлар деган эътирозларни билдиряпти. Низомни ишлаб чиқиш зарурати шунга кўра туғилди.

Бозор нархи янги тушунча эмас, бу божхона органларида ишлаб турибди. Товарлар импорт қилинганда божхона ўз методларига асосан товарларнинг божхона қийматини аниқлаб, тўловларни ундиради. Дейлик, бир бирлик товар импорт қилиняпти ва унинг нархи ҳужжатларда 100 доллар этиб кўрсатилган. Божхона бозор нархи 100 эмас, 200 доллар экан деб, шунга кўра тўлов ундиради. Бизники ҳам шунга ўхшаш нарса бўляпти.

Яна қўшимчаларингиз борми?

– Кўпчилик ижтимоий тармоқлардаги постларни ўқияпман, буни тадбиркорларнинг фаолиятига аралашиш деб талқин қилишяпти. Лекин биз тадбиркорларнинг ишига ҳам, нархига ҳам аралашиш ниятимиз йўқ. Хоҳласа, арзон, хоҳласа қиммат сотсин. Фойда зарари ўзлариники. Аммо бозор нархида сотдими, бозор нархида сотилган суммадан солиқ тўлаб бериши керак. Шунда ҳалол ишлаётган тадбиркорларнинг ҳам ҳуқуқи поймол бўлмайди.

Агар шу тизимни жорий қилиб олсак, солиқ базасини камайтириб кўрсатиш деган нарсалар бўлмайди.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид