Ўзбекистон | 17:31 / 02.06.2024
6252
2 дақиқада ўқилади

Qatar Airways Ўзбекистонга мунтазам қатновларни йўлга қўйди

Доҳа шаҳридан учган самолёт илк парвозни амалга оширган ва Тошкент аэропортига келиб қўнган.

Фото: Uzbekistan Airports

Qatar Airways авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам қатновларни йўлга қўйди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун 2024 йил 2 июн куни соат 10:28 да Qatar Airways авиакомпаниясига тегишли Airbus 320 самолёти Доҳа аэропортидан ҳавога кўтарилган ва соат 13:30 да Тошкент аэропортига қўнган. Парвоз вақти 3 соатни ташкил қилган.

Таъкидланишича, Доҳа – Тошкент – Доҳа йўналиши бўйича йўловчи қатновлари ҳафтасига тўрт марта – душанба, чоршанба, жума ва якшанба кунлари Airbus 320 самолётларида амалга оширилади.

Qatar Airways авиакомпаниясининг шарқий ҳудудлар бўйича бош вице-президенти Марван Колейлат келгусида Доҳадан Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ҳам мунтазам парвозларни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилган.

Qatar Airways – Қатарнинг миллий авиакомпанияси бўлиб, бош қароргоҳи Доҳада жойлашган. Авиакомпания дунёнинг 170 дан ортиқ йўналишларига парвоз қилади. Кўплаб нуфузли мукофотларни қўлга киритган, Skytrax томонидан етти марта дунёнинг энг яхши авиакомпанияси деб топилган.

Мавзуга оид