Жаҳон | 09:55 / 06.06.2024
2145
2 дақиқада ўқилади

Писториус: Бундесвер 2029 йилгача мудофаага тайёр бўлиши керак

Бундесвернинг мудофаа қобилиятини ошириш учун катта сармоя ва ҳарбий хизматни ислоҳ қилиш зарур, деди Германия мудофаа вазири Борис Писториус бундестагдаги чиқишида.

Фото: JANA RODENBUSCH / REUTERS / SCANPIX

Бундесвер 2029 йилгача мудофаага тайёр бўлиши керак, деди Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари Борис Писториус 5 июн, чоршанба куни бундестагда депутатлар саволларига жавоб берар экан.

Германия мудофаа вазири ўзи белгилаган муддатларни Россиянинг Украинага ҳужуми кутилаётган оқибатлари билан боғлади. «Бизнинг мудофаани эътиборсиз қолдиришга ҳаққимиз йўқ. РФ ҳарбий иқтисодиёти кейинги можарога тайёргарлик кўриш устида ишлаяпти. 2029 йилга бориб, энг ёмонини олдини олиш учун ҳимоя қилишга тайёр бўлишимиз керак», деди Борис Писториус. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун Писториус учта асосий муаммони белгилади: «Технология, шахсий таркиб ва молия».

Писторус мудофаа харажатларини оширишга чақирди

Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари, хусусан, 2025 йилда мудофаа департаменти бюджетини 6,5-7 миллиард еврога ошириш, шунингдек, Германия мудофаа харажатларини узоқ муддатга ошириш зарурлигини билдирди. 2024 йил учун мудофаа бюджети тахминан 52 миллиард еврони ташкил қилади. Шу билан бирга, вазир депутатларнинг қўшимча саволларига жавоб берар экан, харажатларни алоҳида вазирликлар ўртасида мувофиқлаштириш зарурлигини тилга олиб, кейинги йилларда зарур бўлган аниқ миқдорларни айтмади.

Муддатли ҳарбий хизматга чақирув ислоҳотига тўхталиб, вазир тез орада ўз таклифларини Германия парламентига киритишга ваъда берди. «Бизга ҳарбий хизматнинг янги модели керак», деди мудофаа вазири Писториус бундестагда. Аниқлик берувчи саволларга жавоб берар экан, у ишлаб чиқаётган модел Германияда умумий чақирувни тўлиқ эмас, балки қисман қайтаришни назарда тутаётганини таъкидлади.

Мавзуга оид