Россия ҳукумати Украина дронлари унинг логистика омборларига ҳужум қилганидан кейин Wildberries компанияси билан «алоқада» турибди. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Ҳақиқатан ҳам, компаниянинг ўзи, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес вакиллари кўрган зарарлар туфайли мураккаб вазият юзага келган. Бу масала билан ҳукумат шуғулланмоқда. Албатта, тафсилотлар бўйича ҳукуматга мурожаат қилган маъқул, айтишим мумкинки, ҳукумат компания билан алоқада бўлиб турибди, бу мавзуда янада аниқроқ маълумот беролмайман.

Песков Украина расмийларининг иддаоларига терс ўлароқ, Wildberries омборларидан Россия армияси эҳтиёжларига мўлжалланган маҳсулотларни етказишда фойдаланилмаганини маълум қилган.

Бу Дмитрий Песковнинг уч кун олдин Wildberries омборларига қилинган ҳужум юзасидан илк бор муносабат билдириши бўлди. РФ президенти Владимир Путин эса саккиз киши ўлими ва 80 дан ортиқ киши жароҳат олишига сабаб бўлган зарбага ҳали муносабат билдирмади.

Ҳужум оқибатида етказилган зарар миқдори ҳозиргача аниқ эмас – катта эҳтимол билан, буни ҳисоблашга бир ойдан кўпроқ вақт кетади. Ихтисослашган нашрлар ўз экспертлик баҳоларини беришмоқда. «Коммерсант» ва Forbes ҳисоб-китобларига кўра, Wildberries ўз омборларини тиклаш учун 22–36 миллиард рубл атрофида маблағ сарфлашига тўғри келиши мумкин. Ушбу маркетплейснинг 2025 йилдаги соф фойдаси миқдори 175 миллиард рублни ташкил этганди.

Сотувчиларнинг ёниб кетган маҳсулотларининг умумий қиймати 150 миллиард рублдан 235 миллиард рублгача баҳоланмоқда. Шу билан бирга, Wildberries расман уларга етказилган зарарни қопламаслиги мумкин – июл ойи бошида компания сотувчилар билан тузилган келишув шартларини ўзгартириб, дрон ҳужумлари натижасида маҳсулот шикастланиши ёки йўқолиши учун жавобгарликни ўзидан соқит қилганди.

«Электросталда шикастланган маҳсулот учун тўловлар бўйича кўплаб саволларни кўряпман. Шубҳа қилманг, биз сизни бу муаммо билан ёлғиз қолдирмаймиз», – деди 20 июл куни Wildberries эгаси Татяна Ким.

Унинг қўшимча қилишича, компания «фавқулодда вазиятлар вақтида»объектларда ўзини тутиш қоидаларини ўзгартирган: энди ходимларга эвакуация пайтида иш тўхтатилишидан қатъи назар, тегишли тўловлар тўлаб берилади.

21 июл куни, ҳужумлар фонида Wildberries Москва областидаги учта йирик омборнинг иш режимини ўзгартиргани маълум бўлди: улар тунда ёпиқ бўлади, ходимлар бу вақтда бино ичкарисида бўлмаслиги керак.