Саида Ёқубова

Ўзбекистонда 2023 йилдан миллий клиринг маркази иш бошлаган эди. Президентининг 291-сон қарорига асосан, клиринг марказининг вазифа ва функциялари ҳам белгиланди. Қарийб бир йилдан бери фаолият юритаётган клиринг маркази тижорат банкларига валюта операцияларини осонлаштириш ва уларнинг валюта рискларини камайтиришда кўмаклашмоқда.

Хўш, бу институт қандай ишлайди? Валюта биржаси Ҳисоб-клиринг палатаси бошлиғи Саида Ёқубова Kun.uz'га берган интервюсида бу ҳақда батафсил маълумот берди.

Биржа ҳақида қисқача

— Аввало, биржа инфратузилмаси ҳақида тўхталсам. Биржа бу олдиндан белгиланган жой ва муайян вақтда, белгиланган қоидалар асосида биржа савдоларини ташкил этувчи ташкилотдир. Яъни турли активлар, қимматли қоғозлар, валюталар, деривативлар ва бошқа инструментлар бўйича олди-сотди операцияларини ташкиллаштириш, барча савдо қатнашчиларига тенг ва шаффоф шароитлар яратиш, қулай савдо тизимини тақдим этиш ҳамда тузилган биржа битимлари бажарилишини таъминлаш унинг асосий функциялари ҳисобланади.

Хусусан, Ўзбекистон мустақилликка эришган илк йиллардан буён республика валюта биржасида турли хорижий валюталар (АҚШ доллари, евро, хитой юани ва Россия рубли), валютавий своп операциялари, давлат қимматли қоғозлари ҳамда деривативлар бўйича биржа савдолари ташкил этиб келинади.

Бундан ташқари, бизнинг биржада банклараро пул бозори, Марказий банкнинг депозит ва кредит ауционлари ташкил этилган ҳамда REPO операциялари ҳам амалга оширилади.

“Клиринг қилиш орқали банкларнинг транзакцияларини камайтирамиз, ишини осонлаштирамиз”

— “Миллий клиринг маркази” АЖ марказлашган клирингни амалга ошириб, Марказий контрагент функциясини бажаради ҳамда ҳисоб-китоб банки сифатида фаолият юритади.

Ҳар битта функцияни оддий тилда тушунтириб беришга ҳаракат қиламан.

Клирингни амалга ошириш функцияси

Клиринг (clearing – инглиз тилидан “тозалаш”) амалга ошириш дейилганда тузилган битимлар бўйича клиринг қатнашчиларининг ўзаро талаб-мажбуриятларини аниқлаш ҳамда ҳисобга олиш тушунилади.

Валюта биржаси савдоларида тузилган битимларга оид маълумотлар ҳисоб-клиринг тизимига келиб тушади. Клиринг қилиш орқали клиринг қатнашчиларининг ўзаро мажбуриятлари белгиланади, аниқлаштирилади ҳамда ҳисобга олинади.