Ўзи нималар бўлди?

4 июл куни немисларнинг Bild нашрида «шошилинч» белгиси остида шундай хабар чиқарилди: Туркия миллий жамоаси ҳимоячиси Мериҳ Демирал УЕФА томонидан Евро-2024нинг икки ўйинига дисквалификация қилинди. 26 ёшли футболчига бу жазо 1/8 финалда Австрияга қарши кечган (2:1), Демирал дубл қайд этган ўйин якунида мухлисларга кўрсатилган сиёсий жест туфайли берилган.

Bild шундай изоҳлади: «УЕФА жиддий. Албаниялик ҳужумчи Мирлинд Даку ҳам икки ўйинга дисквалификация қилинганди. Гуруҳ босқичи иккинчи туридаги Хорватияга қарши ўйиндан кейин (2:2) ҳужумчи ўз жамоаси мухлисларини миллий қўшиқ сўзлари билан гижгижлаганди — ва ўзи ҳам куйлаганди. УЕФА бу ҳаракат учун уни жазолашга қарор қилди».

Демирал фашистик ҳаракат қилишда гумонланмоқда — у голни нишонлашда кўрсаткич ва кичик бармоқларини юқорига кўтарган ҳолда бўри саломини кўрсатган. Ўйиндан кейин ҳимоячининг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасига ушбу ҳолат суратини жойлаштирган. Сурат остига шундай сўзлар илова қилинган: «Ўзини турк дея оладиган одам нақадар бахтиёр!» Бу ибора Туркия Республикасининг биринчи президенти ва замонавий давлат асосчиси Мустафо Камол Отатуркка тегишли. Бу сўзлар турк миллатчиларининг норасмий шиори саналади.

Нашр хабарида Англия миллий жамоаси яримҳимоячиси Жуд Беллингҳем дисквалификациядан қутулиб қолгани, аммо у ҳам 1/8 финалда Словакияга қарши ўйиндаги (2:1) жести учун камида 20 минг евро миқдорида жаримага тортилиши айтилган. Ўша ўйинда «Реал» ҳавбеки сўнгги дақиқаларда ҳисобни тенглаштирувчи голини нишонлаётганида трибуналарга қўли билан бел соҳасини кўрсатганди. Беллингҳем буни стадионда бўлган дўстларига қилинган ҳазил деб изоҳлаган.

Катта эҳтимол билан, унинг ҳаракатида сиёсий мазмун йўқлиги учун ҳам енгилроқ жазо берилган.

Фото: BRADLEY COLLYER/PA IMAGES VIA GETTY IMAGES

Бу маълумотга ишониш мумкинми?

Bild — немислар таблоиди бўлиб, доим ҳам ишончли хабарлар тарқатмайди. Туркиядагилар ҳам шундай фикрда. Anadolu Ajans агентлиги футбол федерациясидаги расмийга таянган ҳолда шундай баёнотни эълон қилган: «Bild нашрида «Мериҳ Демирал УЕФА томонидан икки ўйинга дисквалификация қилинади» сарлавҳаси остида тарқатилган хабар ҳақиқатга мос келмайди. Бизда футболчини ҳимоя қилиш учун асослар тақдим этишга вақт берилган».

Демирал қайси ўйинларни ўтказиб юбориши мумкин?