Россияни Туркий Давлатлар Ташкилотига кузатувчи мақомида таклиф этиш – ташкилотнинг ички қоидаларига мувофиқ эмас. Бу ҳақда Туркиядаги ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси раиси ўринбосари, туркий давлатлар билан алоқалар учун масъул Кўршад Зорлу маълум қилди.
ТДТнинг 30 октябр кунги Анқара саммитида Қозоғистон президенти Тўқаев Россияга ташкилотда кузатувчи мақомини бериш ёки ТДТ+ ҳамкорлик форматига қўшишни таклиф қилган эди. Кўршад Зорлу “Анадолу” агентлигига берган изоҳида бу масалани “жуда нозик ва муҳим масала” деб атади.
Зорлунинг тушунтиришича, 2021 йилги Истанбул саммитида белгиланган қоидаларга кўра, кузатувчи мақомини олишни истаган давлат туркий ёки унга қариндош тиллардан бирини бутун мамлакат миқёсида давлат ёки расмий тил сифатида тан олган бўлиши керак. Россияда татар, бошқирд ва бошқа туркий тиллар айрим республикаларда расмий мақомга эга, аммо бутун мамлакат бўйича бундай мақом йўқ.
Шу билан бирга, Россия учун ўтган йили таъсис этилган ТДТ+ формати муқобил йўл бўлиши мумкин. Туркиялик сиёсатчига кўра, агар Россия расмий ариза билан мурожаат қилса, унинг таклифи ташкилотнинг стратегик мақсадлари ва умумий манфаатлари нуқтайи назаридан кўриб чиқилади. Бунда барча аъзоларнинг розилиги талаб қилинади.
“Адолат ва тараққиёт” партияси раиси ўринбосари сўзининг давомида Россия таркибидаги туркий халқлар республикалари билан TÜRKSOY ташкилоти доирасидаги маданий ҳамкорликни қайта тиклаш масаласини кўтаришни таклиф қилди.
Кўршад Зорлунинг сўзларига кўра, 1993 йилда ташкил этилган TÜRKSOY ташкилоти – Россия ва туркий дунё ўртасидаги маданий алоқалар учун асосий платформа ҳисобланади. РФ таркибидаги Олтой, Тува, Чувашия, Бошқирдистон, Якутия ва Татаристон республикалари TÜRKSOY ташкилотида кузатувчи мақомида бўлган, аммо Россиянинг 2015 йилдаги қарори билан бу республикаларнинг TÜRKSOY билан ҳамкорлиги амалда музлатиб қўйилган, ўшандан бери ўзаро учрашувлар ва қўшма тадбирлар ўтказилмаган.
Аввалроқ Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Қозоғистон раҳбарининг таклифига муносабат билдириб, РФнинг ТДТдаги иштироки “тушунарли ва мақсадга мувофиқ” бўлишини билдирди, лекин ҳозирча Россия расмий таклиф олмаганини маълум қилди.
Туркий Давлатлар Ташкилоти 2021 йилда, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши негизида ташкил этилган. Ташкилотга Ўзбекистондан ташқари Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбойжон ва Туркия аъзо.












