Ўзбекистон | 21:30 / 06.07.2024
15823
13 дақиқада ўқилади

Юнусободда сув босиши, “Лукойл”га қарши даъво ва арзон BYD ваъдаси — ҳафта дайжести

Юнусободдаги бир нечта маҳалла сув остида қолди: воқеага свет ўчиши сабабми? Жиззахдаги BYD заводи директори арзон нархларни ваъда қилди: бу ваъдага ишонса бўладими? Рақобат қўмитасидан дадил қадамлар: “Лукойл” жавобгарликка тортиладими? Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Якунланаётган ҳафта Тошкентнинг Юнусобод туманида яшовчи бир қанча аҳоли учун роса эсда қоларли бўлди. 3 июлга ўтар кечаси 6- ва 7-мавзелар ўртасидаги чорраҳада магистрал сув қувури ёрилиб, иккала мавзедаги кўпқаватли уйларнинг ҳовлисини тизза бўйи сув босди.

Бунақаси Тошкент тарихида аввал кузатилмаган бўлса керак. Сувнинг баландлигидан, кўпқаватли уйлар ҳовлиси шолипояга ўхшаб қолди. Тонг отиб кунлар исигач, худди аквапаркдаги бассейнга тушгандек сувга шўнғиган болалар ҳам топилди. Қизалоқлардан бири эса чўмилиш учун уйидан баллон кўтариб чиқди.

Болаларга бунақа унутилмас саргузаштни ким совға қилгани аниқ эмас. Сувчиларнинг айтишича, воқеага шу атрофдаги қозонхонада свет ўчгани сабаб бўлган. “Тошкент шаҳар сув таъминоти” корхонасининг баёнотига кўра, электр узилиш оқибатида қувурларда босим кўтарилиб кетиб, 800 ва 1200 ммлик қувурлар уланган жойда авария чиққан. “Агар огоҳлантириб, шу пайтда ўчирамиз деганида, биз босимни меъёрида ушлаб турган бўлардик, бунақа ҳолатлар юзага келмасди”, деди биз суҳбатда “Ўзсувтаъминот” масъул ходими.

Энергетика корхоналари сув таъминоти компанияларининг бу баёнотларини рад этди. Уларнинг таъкидича, авария бўлган вақт оралиғида тумандаги электр таъминотида ҳеч қанақа авариявий ёки режавий ўчишлар содир бўлмаган. Шу тариқа, техноген тошқиннинг ҳақиқий сабаблари ва кўрилган моддий зарарни ким қоплаши масаласи очиқ қоляпти, негадир булар ҳақида ҳеч қайси ташкилот гапирмоқчи эмасдек кўриняпти.

Огоҳлантирмасдан светни ўчирган жазоланадими?

Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари огоҳлантирмасдан светни ўчирса, жавобгарликка тортилиши мумкин. Бизнес-омбудсман Дилмурод Қосимовнинг айтишича, авариялар билан боғлиқ бўлмаган ҳолатларда светни огоҳлантиришсиз ўчиргани учун “электросетлар”ни жаримага тортиш бўйича таклиф ишлаб чиқилмоқда.

Бизнес-омбудсман айтаётган таклиф амалиётга кўчиши учун ҳали кўп қовун пишиғи бордек кўринади, чунки бунақа тизим бугун жорий этилса, “электросетлар” эртагаёқ қарзга ботиб кетиши аниқ. Дилмурод Қосимов бундай таклиф ишлаб чиқилаётгани ҳақида бизнес вакиллари билан учрашувда, айти соҳасидаги тадбиркорлардан бирининг саволига жавобан айтиб ўтди. Савол берган тадбиркор, тижорий тарифларга ўтилганига қарамай, ёз бошланганидан бери кунига 3-4 соатлаб свет ўчаётгани, шу сабабли чет эллик ҳамкорлари олдида мажбуриятларини бажаролмай қолаётганини айтди. “IT свет борлигида бошланади, тугаганда тугайди”, деди у.

2 июл куни президент ҳузуридаги йиғилишда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, давлат раҳбарининг энергетика бўйича маслаҳатчиси Алишер Султонов ва бошқа масъуллар соҳадаги ишлар бўйича ҳисобот берди. Шавкат Мирзиёев энергосамарадорлик ва таъминот узлуксизлигини таъминлаш бўйича талаблар қўйиб, соҳада ўғриликлар кўплигига эътибор қаратди. Президентнинг айтишича, ҳозирги тизимда ноқонуний уланишларнинг олдини олиш эмас, оқибати билан курашиляпти.

Ўғриликлар танқид қилинган йиғилишдан икки кун ўтиб, “Ҳудудгазтаъминот” компанияси бошқаруви погонли раҳбарга топширилди. Республика бўйича газ тарқатиш тизимини бошқарадиган идорада техника фанлари доктори Баҳодир Эшмуродовнинг ўрнига Андижон вилояти прокурори Маруфжон Хўжаев раис этиб тайинланди.

Маҳаллий BYD импорт BYD'дан арзонроқ бўлади”

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган BYDʼлар четдан олиб келинадиган BYD'ларга қараганда арзон бўлади. “BYD Uzbekistan Factory” бош директори Шафқатбек Алимов шундай ваъда билан чиқди. Лекин у муддатлар ҳақида гапирмади, яъни қачондан бошлаб маҳаллий моделлар импорт версиясига қараганда арзонроқ бўлишига аниқлик киритмади. Ҳозирда бир қатор тадбиркорлар Хитойдан олиб келаётган BYD'лар Жиззахда йиғилган BYD'ларга қараганда сезиларли арзон бўлиб турибди. Бир неча ўн миллион сўмлик фарқ йўқолиши учун ё импорт моделлар анчага қимматлашиши, ёки маҳаллий маҳсулот нархи кескин арзонлашиши керак.

Алимов BYD'нинг E2, Seagull ва Yuan каби арзонроқ моделларини ҳам ишлаб чиқариш режага киритилганини айтди, лекин бу бўйича ҳам муддатлар ҳақида гапирмади. “Таннархни пасайтириш ва оммабоп моделларни халққа тақдим этиш масаласи биринчи ўринда белгиланган”, деди BYD Uzbekistan раҳбари.

Ўзбекистон автомобил бозорининг “эгаси” UzAuto Motors эса охирги вақтларда Cobalt учун қайта-қайта контрактация очиш билан банд. Ҳар сафар шартнома олган минглаб харидорлар 1 ҳафта ичида тўлов қилмагани учун такрорий сотувлар очиляпти. Салонлардаги талатўплардан кейин тўлиқ онлайнга ўтказилган контрактация жараёнини компания бирор мартаям техник жиҳатдан нормал ташкил эта олгани йўқ. Масъуллар бунда ҳакерларни айблашда давом этмоқда. Монополистнинг жума кунги баёноти ҳаммасидан ўтиб тушди. Унда айтилишича, шу куни 14 мингта шартномани тарқатиш жараёнида UzAvtoSavdo платформаси фаолиятида “узилишлар кузатилмаган”. Албатта, бунақа баёнот бериш контрактация пайти платформадаги носозликлардан хуноби чиққан минглаб ўзбекистонликларда оммавий галюцинация кузатилган дейиш билан баробар.

Рақобат қўмитаси “Лукойл”га қарши иш очди

UzAuto Motors билан бир неча йил олдинги тирашувдан кейин анча шашти пасайгандек кўринган Рақобат қўмитаси, икки ҳафта аввал тайинланган янги раҳбар қўл остида, ниҳоят яна фаоллашганга ўхшайди. Қўмита куни кеча Россиянинг “Лукойл” компаниясига нисбатан иш қўзғатди. Антимонополия органига кўра, биржада олтингугурт нархлари 1,5 баробаргача кўтарилиб кетган, буни ўрганиш жараёнида “Лукойл”нинг Ўзбекистондаги шўъбаси манипулятив йўл билан нархни сунъий оширганига ишора қилувчи аломатлар аниқланган.

Бундан ташқари, Рақобат қўмитаси сунъий йўллар билан тақа-тақ тўхтатиб қўйилган лифт импорти масаласида ҳукуматни инсофга чақиряпти. Қўмитанинг позициясига кўра, импортёрларнинг бекор қилиб юборилган мувофиқ сертификатлари тикланиши, битта партиядаги бир хил лифтларга битта сертификат кифоя бўлиши керак. Қолаверса, лифтларни синовдан ўтказиш ва мувофиқлик сертификатини бериш соҳасидаги монополияга барҳам бериш таклиф этиляпти.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органи шу кунларда ҳисоблагичлар электр энергиясини ортиқча ҳисоблаётгани ҳақидаги шикоятларни ҳам ўрганмоқда. Шунингдек, қўмитанинг иш столида маданият вазири Озодбек Назарбеков билан боғлиқ ҳолат ҳам бор. Давлат амалдорининг хусусий дўконни тавсия қилиб видеога чиққани “Реклама тўғрисида”ги қонунга қанчалик тўғри келиши ўрганиляпти.

Электрон тиббий рецептларга шу йил ўтилади — вазир

Бир неча марта Қирғизистон билан чегарада топилган ерости контрабанда тоннеллари энди Қозоғистон билан чегарада ҳам аниқланди. Давлат хавфсизлик хизматининг хабар беришича, яширин туннел Тошкент туманини Қозоғистоннинг Сариёғоч тумани билан боғлаган. 310 метрлик ерости йўли ҳаво вентиляцияси, ёритиш тизими, юкларни ташишга мўлжалланган аравалар ва арқонлар билан жиҳозланган.

Аниқланишича, туннелдан фойдаланган жиноий гуруҳ Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган, сифати кафолатланмаган дориларни Қозоғистон орқали Ўзбекистонга ноқонуний олиб келиш билан шуғулланган. Тезкор тадбир вақтида 107 хил номдаги 1,1 млрд сўмлик минглаб дорилар олиб қўйилган. Жиноий гуруҳ аъзолари эса қамоққа олинган.

Контрабанда дорилар ҳақида шу ҳафта соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров ҳам гапирди. Унинг айтишича, тиббиётда шу йил охиригача электрон рецепт тизимига ўтилади. Электрон рецепт асосида контрабанда товар сотилган тақдирда, бу тизимда кўриниши айтиляпти. Бундан ташқари, тиббий рецептларни электрон шаклга ўтказиш орқали давлат шифохоналарида беморларга кераксиз дорилар ёзиб берилишининг олдини олиш мақсад қилинган.

“Аҳолига жуда ҳам кўп асоссиз, кераксиз дори-дармонлар тавсия қилиняпти. Бу полипрагмазия дейилади. Полипрагмазия бўлгани учун аҳолига жуда ҳам кераксиз, тижорий манфаат билан ҳам дори-дармон бериляпти. Электрон рецептура бўлса, программага нима киритилади, масалан, қон босими кўтарилганда қайси стандарт бўйича қайси дорилар ишлатилиши керак, ундан ортиқчаси бўлса врач ҳам қўлга тушади, аптекачи ҳам қўлга тушади”, – деди Асилбек Худоёров.

Прокуратура тизимидаги коррупция

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар яна битта порахўр прокурорни қўлга олди. Бу сафар Сурхондарё вилояти прокуратураси бўлим катта прокурори 10 минг доллар пора билан ушланди. Хабар қилинишича, у бунча пулни тадбиркордан, сув тежовчи технологияларни ўрнатиш билан боғлиқ масалаларда ёрдамлашиш эвазига олган. Тезкор тадбирни прокурор ишлайдиган вилоят прокуратурасининг ўзи ва ДХХнинг вилоят бошқармаси ўтказган.

Бошқа бир ҳолатда, Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим катта прокурори қўлга олинган. У икки тадбиркор ўртасидаги 105 минг долларлик олди-бердига алоқадор бўлиши мумкин. Бу ҳолатда, бир тадбиркор иккинчи тадбиркордан 105 минг доллар олиб, унинг ишини прокурор орқали ҳал қилиб беришни ваъда қилган.

Ҳафта давомида, шунингдек, тадбиркордан 90 млн сўм олган Гулистон шаҳар электр тармоқлари бошлиғи ушлангани, Урганч тумани қурилиш бўлими собиқ бошлиғига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Бухорода 16 ёшли ўсмир бола 17 ёшли қизга уйланди. Kun.uz'даги маълумотга кўра, йигит – Шофиркондан, қиз – Қоракўлдан, тўй эса Бухоро шаҳридаги ресторанлардан бирида ўтказилган. Бу ҳақда хабар берилгач, болалар омбудсманининг аралашуви билан, никоҳ ёшига риоя этмагани учун қудалар 2 млн 380 минг сўмдан жаримага тортилди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши – 18 ёш. Фақат муайян ҳолатлардагина ҳоким қарори билан никоҳ ёшини узоғи 1 йилга камайтириш мумкин.

Африкадаги катта “мерос”га ишонган одам 90 минг долларга чув тушди. Тошкентда яшовчи аёл интернетдаги фирибгарларнинг тузоғига илиниб, унга Нигериядаги узоқ қариндошидан 3 млрд доллар “мерос” қолганига ишонган ва уни расмийлаштириш учун фирибгарларга жами 90 минг долларга яқин пул ўтказиб берган, бунинг учун ҳатто ўзи яшаб турган уйини ҳам сотган. Бошқа бир ҳолатда фирибгарлар талабанинг номидан 6 та банкдан 73 млн сўм онлайн кредит олишга муваффақ бўлган. Йигит ўзини Payme ва Марказий банк ходими деб таништирган қаллобларнинг алдовига лаққа тушган.

Нотариусга бормай туриб амалга ошириш мумкин бўлган нотариал ҳаракат турлари кўпайди. Эндиликда автомобил билан боғлиқ ишончномаларни расмийлаштириш, уй ёки машинани сотишда турмуш ўртоғининг розилигини тасдиқлаш, ҳужжатлар тўғри таржима қилинганини шаҳодатлаш видеоалоқа орқали ҳам амалга оширилиши мумкин. Бундан ташқари, янги ҳайдовчилик гувоҳномасини онлайн расмийлаштириш имконияти пайдо бўлди. Фуқаро имтиҳондан ўтган бўлса бўлди, ундан ҳеч қанақа ҳужжат сўралмайди. Тайёр гувоҳномани давлат хизматлари марказига бориб ёки қўшимча тўлов эвазига почта орқали олиш мумкин.

Док-1 Макс” ишида апелляция суди якунига етди. Бирламчи судда айбдор деб топилган 23 судланувчидан 7 нафари, хусусан Фармагентлик собиқ раҳбари Сардор Кариев ҳукм устидан шикоят қилган эди. Бир неча ойлик процессдан кейин, 3 июл куни Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси барча шикоятларни рад этиб, дастлабки ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. Эслатиб ўтамиз, феврал ойида “Quramax”нинг ҳиндистонлик директори Сингҳ Рагвендра Пратар 20 йилга, Фармагентлик собиқ раҳбари Сардор Кариев 18 йилга, унинг икки ўринбосари эса 16 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Ҳафта давомида болалар иштирокидаги яна бир нечта авариялар одамларни ларзага солди. Навоийнинг Хатирчи туманида тоғаси билан паркка кетаётган 9 яшар қизни пиёдалар ўтиш йўлагида аввалига битта кроссовер туртиб кетган бўлса, кейин иккинчиси устидан босиб ўтиб кетди. Қизалоқни ўлдирган ҳар иккала машина ҳам аҳоли яшаш пунктида тезликни 140 км/соатдан оширган.

Самарқандда эса 2 йил олдин Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитидан олдин 8 полоса қилиб, 2 баробарга кенгайтирилган йўлда ёш болани машина уриб кетди. Шу ерда яшовчиларга кўра, нафақат болалар, балки катталар ҳам йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтишга мажбур, чунки ҳайҳотдай кўчадаги пиёдалар ўтиш йўлаклари орасидаги масофа – нақ 1 километр.

Афсуски, қонга ботган йўллардаги хавфсизликка муносабат ва шаҳарсозликдаги ёндашувлар буткул ўзгармасдан, қоидаларга тупуриб қўйган ҳайдовчиларнинг бошини силаш давом этаверар экан, бундай фожиалар сони ҳали-бери камаймайди.

Мавзуга оид