Ўзбекистон | 10:44 / 04.07.2024
23188
6 дақиқада ўқилади

Фирибгарлар талабанинг номидан 6 та банкдан 73 млн сўм кредит олди

Фирибгарлар Payme ва Марказий банк ходимлари ниқобида талабанинг ишончига кириб, унинг картасидаги пуллар ўғирланиб, номига микроқарз олинаётганини айтишади. Бунга йўл қўймаслик учун йигитдан Telegram-бот орқали идентификациядан ўтиш сўралади. Буни бажарган йигит тез орада унинг номига 6 та банкдан 73 млн сўмлик кредитлар олинганидан хабар топади.

Чирчиқ давлат педагогика университетининг 4-босқич талабаси Акбархон Муҳаммадиев 2024 йил 25 июн куни фирибгарлар тузоғига тушади. Оқибатда унинг номига 6 та банкдан катта миқдорда микрозайм расмийлаштирилган.

Фуқаро Kun.uz'га берган интервюсида бу жараён қандай кечгани ҳақида сўзлаб берди. Унинг айтишича, дастлаб нотаниш рақамдан бир эркак қўнғироқ қилиб, ўзини Payme ходими деб таништиради, киберҳужум сабаб унинг иловасига бузиб киришганини айтади.

Сизнинг аккаунтингиз, пластик карталарингизга бузиб кирилган. Қаердадир қолдирганмисиз ёки кимгадир берганмисиз, деди. Мен йўқ деб айтдим, шуларни текшириш учун Марказий банк ходими билан улайман, деди, Марказий банк ходимаси уланиб, русчалаб гапиришни бошлади. У ҳам шахсий маълумотларим, пластигимни қаердадир қолдирганманми ёки йўқ ёки кимгадир берганманми – шуларни сўради. Ундай эмаслигини айтдим. Кейин [рус аёл] номимга кредит расмийлаштириб олишаётганини айтди. Шуни банкка кириб, шахсий маълумотларимни тасдиқлатишим кераклигини, бўлмаса номимга кредит олиб юборишларини айтди.

Кейин аёлдан кимлигини сўрадим, у Telegram'даги Марказий банкнинг ботига [сохта – таҳр.] кирсам, иш ҳужжатларини, менинг номимга кредит олаётган одамнинг ҳам ҳужжатини ташлашини айтди. Ташлади ҳам. Шу жойида сизга йўриқнома кўрсатаман, кириб идентификациядан ўтинг, деди. Идентификациядан ўтганимдан кейин эса SMSлар келишни бошлади. Кечга бориб билсам, номимга кредитлар олиб ташлашган”, – дейди Акбархон Муҳаммадиев.

Шундай қилиб, ўзини Ҳасанова Дилара Муратовна деб таништирган, рус тилида гапирган аёл худдики Марказий банк ходимаси бўлиб, йигитни қопқон томон бошлаган. У суҳбат давомида фуқаро олдин кредит олганми ёки йўқ, расман ишлаш жойи мавжудми, пластик карталари рақами каби маълумотларни сўраб олган.

Кейин эса унинг номига Маруфов Абдурасул Исмаилович исмли шахс кредит олиш учун сўров жўнатганини, бу сўров кредит бўлимида эканини, агар фуқаронинг ўзи буни рад этмаса, кредит расмийлаштирилишини айтади.

Суҳбатдошини ишонтириш учун аёл Марказий банкда ишлашини тасдиқловчи ва шахсга доир маълумотлари кўрсатилган, муҳр босилган ҳужжатини (албатта сохта) кўрсатади ва талабадан Telegram-бот орқали паспорт маълумотларини киритиб, Face-ID'дан ўтиshини сўрайди.

Буларга ишонган қаҳрамонимиз аёлнинг ҳамма сўровини бажаради, шахсий ахборотларини ботга киритади. Бундан усталик билан фойдаланган фирибгарлар маълумотларни бир вақтнинг ўзида турли банкларга юборишган ва охирида 6 та банкда 75 млн сўмлик микрозайм расмийлаштиришга эришган.

Хусусан:

  • Саноатқурилишбанкнинг бош офисидан – 19 389 985 сўм;
  • Агробанкнинг Юқори Чирчиқ филиалидан – 4 703 604 сўм;
  • Даврбанкнинг Олмазор филиалидан – 10 000 000 сўм;
  • Алоқабанкнинг бош офисидан – 14 112 362 сўм;
  • Халқ банкининг бош амалиётлар бошқармасидан – 12 510 326 сўм;
  • Анорбанкдан – 12 000 000 сўм, жами 72 716 277 сўм миқдорда кредит олинган.

Фуқаронинг адвокати Хуршид Казибековнинг айтишича, фирибгарлар банкларга юбориладиган аризаларни олдиндан тайёр ҳолатга келтириб, кейин алоқага чиқишган.

Аниқланган ҳолатга кўра, бир нечта банк учун бир вақтнинг ўзида аризалар тайёр турган, идентификациядан ўтган заҳоти кетма-кетликда банклардан микрозайм ажратилган. Микрозайм ажратилганидан кейин кредит тарихи ва шунга ўхшаш жараёнлар амалга оширилади. Бундан сўнггина банклар хабар топишади. Шунинг учун фирибгарлар томонидан қўлланадиган усуллардан бири шу – бир вақтнинг ўзида 8-9 та банкка аризани тайёрлаб қўйиб, идентификациядан ўтган заҳоти кетма-кетликда пуллар ечилишни бошлайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, банклар келгусида бу [фирибгарларнинг] энг оммалашган усули экани, биринчи марта эмаслигини инобатга олиб, хавфсизлик чораларини кўриши кераклигини айтган бўлардик.

Фуқаро ўзининг Paymе иловаси хавфсизлигини таъминлаяпман деб ўйлаган, шу орқали барча шахсий маълумотларини сиздириб, 6 та банкда микрозайм ажратилган. Суммалар картага келиб тушганда, электрон ҳамёнлар очиб ташланган. Бу орқали бошқа манбаларга пуллар чиқиб кетган. Бу ҳолатда картасига пул тушгани, электрон ҳамёнга ўтганидан фуқаронинг хабари бўлмаган. My.gov.uz'дан текширгач, бир қанча микрозаймлар ажратилганини кўрган”, – дейди Казибеков.

Қўшимча қилинишича, Акбархона Муҳаммадиев ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида 6 та банкнинг ҳаммасига бориб, вазиятни суриштирган. Банклар у шахсини Face-ID ёрдамида тасдиқлагани сабаб қарздорликларни қоплаш унинг зиммасида эканини маълум қилишган.

Агар фирибгарлик қурбонининг сўзларига ишонадиган бўлсак, унинг бошқа платформадаги Face-ID тасвирларини банкларнинг иловалари онлайн микроқарз учун ариза расмийлаштиришда ҳақиқий ва жонли тасвирлар дея қабул қилган. Бу эса саволли масала бўлиб қолмоқда.

Ҳолат бўйича ИИОга мурожаат қилинган, суриштирув ишлари бошланган.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Марказий банк бу тижорат банки эмас, шу сабабли кредитлар ажратиш ёки бошқа молиявий хизматлар кўрсатиш билан шуғулланмайди. Ҳар қандай электрон манбада идентификациядан ўтишдан олдин эса бу манбанинг ишончли ва расмий манба эканига ишонч ҳосил қилишни тавсия этамиз. Унутманг, интернетдаги фирибгарлар одамларнинг картасидаги пулини ўғирлашнинг янгидан янги йўлларини топишмоқда.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади, 
Тасвирчи Шоҳруз Абдурайимов.

Мавзуга оид