Ўзбекистон | 14:04 / 03.07.2024
24238
4 дақиқада ўқилади

Сув таъминоти корхонаси Юнусободдаги тошқинга свет ўчгани сабаб бўлганини билдирди. Энергетика вазирлиги буни рад этди

3 июл куни Юнусобод туманида юзага келган техноген сув босишига электр энергиясидаги узилиш сабаб бўлган, дея маълум қилди сув таъминоти корхонаси. Энергетика вазирлиги узилиш бўлганини рад этди.

Фото: Kun.uz

 “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ ахборот хизмати бошлиғи Равшан Ёқубжоновнинг сўзларига кўра, тунги соат 4:00 лар атрофида Қорақамиш ва Мойқўрғон кўчалари кесишмасидаги сув қувурида носозлик юзага келган. Носозлик аввалига 1200 ммлик тармоқда бўлгани тахмин қилинган, лекин кейинроқ муаммо 800 ммлик қувур билан боғлиқлиги аниқланган.

“Бунинг асосий сабаби – яқин ҳудудда жойлашган қозонхонада вақтинча электр энергияси узилган ва қувурларда босим кўтарилиб кетиб, қувурларнинг уланган чокидан авария юзага келган”, дея маълум қилди Ёқубжонов воқеа жойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматига берган изоҳида.

Ҳолатни “Ўзсувтаъминот” АЖ масъул ходими Шавкат Нуралиев Kun.uz мухбири билан суҳбатда шундай тушунтирди.

“Асосий сабаб фақат шу – электр энергиясининг огоҳлантирилмасдан ўчганлиги. Чунки агар огоҳлантириб, шу пайтда ўчирамиз деганида, биз босимни меъёрида ушлаб турган бўлардик, бунақа ҳолатлар юзага келмасди. “Электросетда ҳам балки носозлик бўлгандир, бизга айтишмади, улар ҳам 2-3 соатда таъмирлаб тўғрилаб юборишди. Бирданига ўчиб қолгани сабаб бўлди”, – деди у.

Энергетика корхоналари эса бу маълумотни рад этди. Энергетика вазирлиги тизимига кирувчи “Тошкент иссиқлик маркази” АЖнинг билдиришича, Юнусободдаги 4-сонли қозонхонанинг электр таъминотида 2-3 июл кунлари “ҳеч қандай узилиш юз бермаган”.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ таркибидаги “Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖ Тошкент шаҳар “Сув таъминоти” АЖнинг мазкур баёноти ҳақиқатга мос эмаслигини билдиради ва 4-сонли қозонхонада 2-3 июл кунлари электр таъминоти билан боғлиқ ҳеч қандай узилиш юз бермаганини маълум қилади. Сув тошқинига қозонхона фаолиятининг ҳеч қандай алоқаси йўқ.

4-сонли қозонхона 2024-йилнинг 2-июлидан 3-июлига ўтар кечаси барқарор ва штат режимида фаолият юритган”, – дейилади расмий баёнотда.

Қўшимча қилинишича, айни пайтда қозонхонага сув таъминотининг етарли даражада етказиб берилмаётгани сабабли, мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш ҳажми пасайтирилган.

“Тошкент иссиқлик маркази”нинг бу баёноти Энергетика вазирлиги саҳифаларида ҳам эълон қилинди. Шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳам ҳолат бўйича баёнот берди.

“Юнусобод тумани электр таъминоти корхонаси маълумотига кўра, авария бўлган вақт оралиғида туман ҳудудида электр тармоқларида ҳеч қандай авариявий ёки режавий ўчишлар содир бўлмаган”, – дейилади ҲЭТК ахборотида.

Энергетиклар ҳодиса юзасидан баёнот бераётган ташкилот масъулларидан тўғри ва аниқ маълумотлар беришини сўраган.

  • Авария оқибатларини қисқа фурсатда бартараф этиш учун пойтахтнинг барча туманларидан сув таъминоти корхонаси бригадалари жалб этилган. Ҳозирги вақтда воқеа рўй берган чорраҳадаги транспортлар ҳаракати ва бир нечта мавзеларда сув таъминоти қисман тикланган.

Мавзуга оид