“Ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва бўш ер участкаларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда “Huquqiy axborot” канали хабар берди.
Маълум қилинишича, қарор билан қуйидагилар тасдиқланган:
– урбанизация жараёнларини жадаллаштириш, шаҳарлар ва туманлар марказларини ривожлантириш ҳамда агломерация ҳудудларини ташкил этишга қаратилган мастер-режалар ишлаб чиқиладиган туманлар ва шаҳарлар рўйхати;
– аҳоли ва сайёҳлар учун барча қулайликларга эга туризм масканларини ташкил этишга қаратилган мастер-режалар ишлаб чиқиладиган туманлар ва шаҳарлар рўйхати;
– Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) билан ҳамкорликда комплекс иқтисодий ривожлантиришга қаратилган мастер-режалар ишлаб чиқиладиган туманлар рўйхати.
Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб кўп қаватли ва якка тартибдаги уй-жойлар мажмуаларини ташкил қилиш мастер-режаларнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган.
Қайд этилишича, 2024 йил 1 августдан йил якунигача белгиланган мастер-режаларга мувофиқ замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ва сервис объектларини, жумладан жойлаштириш воситалари, турар жойлар, савдо-кўнгилочар марказларини ташкил қилиш учун мастер-режа ҳудудидаги ер участкалари аукцион савдоларига чиқарилади.















