09:48 / 03.03.2024
18245

Тошкентдаги чиқиндихона олдида ташкил этилган “пирожкихона” бузиб ташланди

Текширув давомида фуқаро пирожки маҳсулотини ушбу объектда тайёрламай, олиб келиб сотаётгани аниқланган.

Фото: Санэпидқўмита

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган чиқиндихоналарнинг бирида “пирожкихона” ташкил қилингани ҳақида хабарлар тарқалди.

Санэпидқўмита матбуот хизматининг муносабатида ёзилишича, Юнусобод туман бўлими мутахассислари томонидан ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида жойига чиқиб ўрганиш ишлари олиб борилган.

Маълум бўлишича, фуқаролардан бири томонидан чиқиндихона олдида ноқонуний тарзда маҳсулот сотилаётган объект ташкил қилинган бўлиб, у пирожкиларни ушбу объектда тайёрламай, олиб келиб сотаётгани аниқланган.

Ўрганишлар давомида маҳсулотни сақлаш, уни сотиш учун санитария талабларига мос равишда жой тайёрланмагани ва ушбу ҳудудда бу каби савдони амалга ошириш учун ҳеч қандай рухсатнома (тегишли ҳужжат) йўқлиги маълум бўлган.

Фуқародан чиқиндихона олдида ноқонуний тарзда ташкил қилинган ушбу объектда озиқ-овқат сотмаслик, савдони тўхтатиш ва ноқонуний қурилмани ўз хоҳиши билан олдириб ташлаш бўйича тушунтириш хати олинган.

Шундан сўнг туман бўлими ходимлари томонидан ушбу ноқонуний қурилма буздирилиб, маҳсулот савдоси тўхтатилган.

Top