Германия канцлери Олаф Шолц Жо Байденнинг АҚШ президентлик пойгасидан чиқиш қарорини қўллаб-қувватлади. «Менинг дўстим Жо Байден кўп нарсага эришди: ўз мамлакати, Европа учун унга раҳмат. У туфайли трансатлантик ҳамкорлик ривожланди, НАТО кучли, АҚШ эса - биз учун яхши ва ишончли ҳамкор. Унинг номзодини кўрсатмаслик қарори эътирофга лойиқ», — деб ёзди у Германия канцлери Х ижтимоий тармоқдаги аккаунтида 21 июл, якшанба куни. 

ГФРдаги бошқа сиёсатчилар Байденнинг сайловлардан воз кечиш қарори ҳақида нима деди?

Бундестагнинг ташқи ишлар қўмитаси раиси, Германия Социал-демократик партияси (ГСДП) вакили Михаэл Рот Жо Байденни «муваффақиятли президент, Европа ва Германияда биз ундан кўп нарса қарздормиз» деб атади. «Сиёсатда хайрлашиш учун тўғри дақиқани топиш осон эмас. Бу ачинарли ва унинг хизматларига муносиб эмас. Раҳмат, жаноб Президент!» - деб ёзган Рот ўзининг Х аккаунтида. 

ГСДПдан Германия соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах айтишича, Байден «буюкликни намойиш этди ва бу қарор ҳурмат қилишга лойиқдир». «Энди сайлов кампанияси яна ҳаяжонли кечади», - дея хулоса қилди сиёсатчи.

«Иттифоқ 90/«яшиллар» партияси ҳамраиси Рикарда Лангнинг айтишича, Жо Байден «ўз мамлакатига президент сифатида яхши хизмат қилган» ва пойгадан чиқиши билан «худди шундай қилмоқда». «Унга ҳурматим чексиз!» - дея у Оқ уй раҳбарининг янги муддатга сайланмаслик ҳақидаги қарорига изоҳ берди. 

Жо Байденнинг позициясини мухолифатдаги консерватив ХДП партияси раҳбари Фридрих Мерц ҳам қўллаб-қувватлади. «Жо Байден эллик йилдан ортиқ Америка халқига хизмат қилди. Унинг бугунги қарори чуқур ҳурматга лойиқ», деб ёзади у.

Германия адлия вазири, Эркин демократик партия (ЭДП) вакили Марко Бушман Жо Байденни «тақдирнинг даҳшатли зарбаларига қарамай, ўз мамлакатига ўнлаб йиллар давомида хизмат қилган алоҳида шахс» деб атади. «Унинг бу хизмат қачон тугашини мустақил белгилаш ҳақидаги қарори чуқур ҳурматга лойиқ», - деди сиёсатчи. 

Тюрингия ер парламентидаги ўнг қанот популистик «Германия учун муқобил» (ГуМ) партияси фракцияси раҳбари, аввалроқ нацистлар шиори учун жаримага тортилган Бёрн Хёкке кўпчилик етакчи немис сиёсатчиларининг фикрига қўшилмади. Унинг фикрича, Жо Байден «орқа фонда қолишни афзал кўрганлар учун қўғирчоқ» эди. «Аммо агар қўғирчоқнинг марра чизиғини кесиб ўтиш имконияти бўлмаса, оммавий ахборот воситалари тўпланган кучига қарамай, у кетиши керак», деб ёзади у.