Германия: Орбаннинг ташрифлари дунёда чалкашликларга сабаб бўлди
Анналена Бербок Венгрия бош вазирининг Москва ва Пекинга ташрифлари муҳокамаси доирасида ташқи сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа масалаларида Европа Иттифоқи номидан Виктор Орбан эмас, Жозеп Боррел гапиришини эслатди.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Европа Иттифоқида Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг Москва ва Пекинга қилган сафарлари таъсири борасидаги мунозаралар чоғида Европа бирлиги муҳимлигини таъкидлади. «Ҳозир ҳар қандай ўйин учун жуда жиддий вақтдир», деди Германия ташқи сиёсати раҳбари Берлинда нидерланд ҳамкасби Каспар Велдкамп билан учрашувда. Шу сабабли, «ким қаерга ва қачон таклиф қилишининг тафсилотлари билан адашиб кетмаслик керак». Бунинг ўрнига, «бирлашган ва ҳал қилувчи Европа Иттифоқи сифатида ҳаракатланишга эътибор қаратиш керак», деди Бербок.
Кеча Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Орбаннинг Москва ва Пекинга сафарларига жавобан Венгрия томонидан Будапештда режалаштирилган ташқи ишлар вазирларининг учрашувини бойкот қилишини билдирди. Бунинг ўрнига Европанинг бош дипломати ёзги таътил тугаганидан кейин ҳамкасбларини Брюсселдаги учрашувга таклиф этади. Боррел Германия, Испания ва Люксембург каби давлатларнинг хоҳишига қарши бу қарорга келган.
Бербокнинг эслатишича, ташқи сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа масалаларида Европа Иттифоқи номидан Орбан эмас, балки Боррел гапиради. Орбаннинг саёҳатлари «бутун дунё бўйлаб кўплаб ҳамкорлар ва манфаатдор томонлар орасида чалкашликларга сабаб бўлганлиги ажабланарли эмас», деди у. Шу билан бирга, Бербок сўзларига кўра, у Боррелнинг Брюсселдаги учрашувга таклифини қабул қилади, чунки «ҳар қандай дипломат каби» фақат таклиф қилинган жойга боради.
Брюсселдаги йиғинда Нидерландия ҳам иштирок этади
Велдкампнинг айтишича, Нидерландия Европа Иттифоқига раислик қилаётган Венгриядан Европа Иттифоқи бирлигига хизмат қилишини ва ҳалол воситачи сифатида ҳаракатланишини кутмоқда. Нидерландия ТИВ раҳбари таъкидлашича, Орбаннинг сафарлари нотўғри бўлган, Россия тажовузкор, Украина эса қурбон эканлиги аниқ эди. Унга кўра, Украинасиз Украина бўйича музокаралар олиб борилиши мумкин эмас. Велдкамп, шунингдек, Боррелнинг Брюсселдаги ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари учрашувига таклифини мамнуният билан қабул қилишини таъкидлади.
Мавзуга оид
10:29 / 07.11.2024
Трампнинг ғалабаси: Орбан Украина бўйича ЕИ янги стратегиясини талаб қилмоқда
14:26 / 06.11.2024
Виктор Орбан «Туркий дунё олий ордени» билан мукофотланди
13:01 / 06.11.2024
Шавкат Мирзиёев Виктор Орбан билан учрашди
11:10 / 05.11.2024