Анналена Бербок 8 июн куни 2025 йилда ҳалок бўлган БМТ ходимларини хотирлашга бағишланган маросимда иштирок этган. 14 август куни UN Watch нодавлат ташкилоти ушбу тадбирдан олинган кадрларни эълон қилиб, Бербокни танқид қилди.

Die Welt маълумотига кўра, маросим давомида 2025 йилда ҳалок бўлган жами 136 нафар БМТ ходими хотирланган.

БМТ маълумотларига кўра, уларнинг 80 нафари Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва ишларни ташкил этиш бўйича Яқин Шарқ агентлиги — UNRWA ходимлари бўлган.

Маросимда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам иштирок этган. Гутерриш ва Бербок ҳалок бўлган ходимлар хотирасига шам ёққан.

UN Watch нима учун эътироз билдирмоқда?

Можарога маросимда Имад Ал-Самхурининг исми ҳам ўқилгани сабаб бўлди. У аввал Ғазо секторида ўқитувчи бўлиб ишлаган ва UNRWA мактабларидан бирига раҳбарлик қилган.

UN Watch маълумотларига кўра, Ал-Самхури айни пайтда ҲАМАСнинг ҳарбий тузилмасида қўмондон ҳам бўлган.

Ташкилот директори Ҳиллел Нойер БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва Анналена Бербокни очиқ мактуб орқали узр сўрашга чақирди.

Нойер БМТ маросимида ҲАМАСнинг ҳарбий қўмондони сифатида кўрсатилаётган шахс ҳам хотирлангани юзасидан изоҳ талаб қилди.

Ал-Самхури ҳақида қандай далиллар келтирилмоқда?

UN Watch ўз даъволарини, жумладан, ҲАМАС томонидан Ал-Самхурига бағишлаб тарқатилган видеога асосламоқда.

Ташкилотга кўра, ушбу видеода Ал-Самхури ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти — «Изз ад-Дин ал-Қассам бригадалари» таркибидаги баталонлардан бирининг дала қўмондони сифатида кўрсатилган.

UN Watch ижтимоий тармоқлардаги бошқа материалларга ҳам ишора қилиб, Ал-Самхури ҲАМАС вакиллари билан алоқада бўлгани ва террорчиликни улуғловчи қарашларни қўллаб-қувватлаганини иддао қилмоқда.

Бироқ Die Welt муҳим жиҳатга эътибор қаратган: UN Watch очиқ мактубида ушбу даъволарнинг мустақил манбалар томонидан тасдиқланган далиллари келтирилмаган.

UNRWA ҳам танқид қилинди

Ҳиллел Нойер UNRWAʼни ўз мактабларида ҲАМАС билан боғлиқ тузилмалар фаолиятига қарши етарлича самарали чора кўрмаганликда ҳам айблаган.

Унинг даъвосига кўра, Ал-Самхури ҲАМАС вакилларини мактабларга таклиф қилган ва ўқувчиларни ҳаракат билан боғлиқ ташкилотларга жалб этган.

UN Watch шу муносабат билан Бербок Германия ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган даврда Берлиннинг UNRWAʼга ажратган маблағларини ҳам танқид қилди. Нойернинг таъкидлашича, Германия ўша даврда агентликка бир неча юз миллион евро ажратган ва ҲАМАС аъзоларининг UNRWA тузилмаларига кириб бориши ҳақидаги огоҳлантиришларга етарлича жиддий ёндашмаган.

UNRWA атрофидаги аввалги можаролар

UNRWA фаолияти 2023 йил 7 октябрдаги ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан кейин жиддий баҳсларга сабаб бўлган.

Исроил 12 нафар UNRWA ходимини 7 октябр ҳужумига алоқадорликда айблаган. Кейинчалик бир қатор йирик донор давлатлар агентликни молиялаштиришни вақтинча тўхтатган.

Улар орасида АҚШ, Германия, Буюк Британия, Япония ва Австралия ҳам бўлган. Канада, Швеция ва Италия ҳам тўловларни бир муддат тўхтатиб, кейинчалик қайта тиклаган.

2024 йилда эса Исроил парламенти UNRWA фаолиятини мамлакат ҳудудида чеклашга қаратилган қарор қабул қилган.

Ҳозирги баҳс эса БМТнинг ҳалок бўлган ходимларни хотирлаш маросимида Ал-Самхурининг исми ўқилгани ва унинг ҲАМАСдаги эҳтимолий роли ҳақидаги даъволар атрофида юзага келган.