Венгриянинг асосий янгиликлар портали ва MTVA давлат телерадиокомпаниясининг расмий веб-сайти мамлакатнинг янги раҳбарияти қарори билан ўз эшиттиришларини тўхтатди. Бу уларнинг мамлакатнинг собиқ бош вазири Виктор Орбанни қўллаб-қувватлаб, кўп йиллар давомида тарғибот олиб борганликда айблангани билан боғлиқ, деб ёзди Bloomberg.
Телеканал сайтида MTVA Орбан давридаги таҳририят сиёсати учун узр сўраган хабар пайдо бўлди.
«Жамоат оммавий ахборот воситалари ёлғон гапирмаслиги керак. Узоқ йиллар давомида шундай қилганимиз учун узр сўраймиз! Жамоат оммавий ахборот воситалари келажакда мустақил ва ишончли бўлиши учун ҳозир ўзгармоқда. Ахборот хизмати вақтинча тўхтатилди. Биз билан қолинг!», дейилади телерадиокомпания сайтида.
Венгриянинг янги бош вазири Петер Можар телеканал фаолиятининг тўхтатилишини «тарихий кун» деб атади.
«Бугун оммавий ахборот воситаларида тарғибот-ташвиқот ишлари якунланди. Улар кечаси ҳам, кундузи ҳам, барча частоталарда ёлғон гапирди. Энди ҳаммаси тугади», деб қўшимча қилди у.
Можар 9 май куни мамлакат бош вазири этиб сайланди. Орбан 1998 йилдан 2002 йилгача ва 2010 йилдан 2026 йилгача бош вазир бўлган. Bloomberg нашрининг ёзишича, сўнгги 16 йил давомида оммавий ахборот воситаларини назорат қилиш унинг ҳокимиятини сақлаб қолишда муҳим рол ўйнаган.
Можар Орбан ҳукуматини бир неча бор танқид қилган ва кетаётган ҳукуматни бюджетни исроф қилишда айблаган.











