Белгород яқинидаги полигондан ҳарбий хизматга шартнома имзолаган маҳбуслар қочиб кетди
Россия Мудофаа вазирлиги билан аввал шартнома имзолаган 9 нафар маҳбус Корочанский туманидаги ҳарбий полигондан қочиб кетди, деб ёзади «Пепел». Бундан ташқари, қамоқхона бригадасининг инструктори қочган.
Белгород вилоятининг Корочанский туманидаги ҳарбий полигондан Украинага қарши урушда қатнашиш учун аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган 9 нафар маҳбус қочиб кетди. Бу ҳақда 28 июл, якшанба куни «Пепел» нашри хабар берди.
Оммавий ахборот воситалари маҳаллий полиция бўлимларига юборилган маълумотни эълон қилди. Унга кўра, қочганларнинг исмлари - Эдуард Арутунян, Игор Болонин, Павел Мигунов, Денис Мустяков, Роман Сер, Николай Багров, Алексей Грязютин, Александр Иванов ва Александр Касаткин. Улардан икки нафари қотиллик, иккиси оғир тан жароҳати етказиш, яна бир маҳбус одам ўғирлаш, қолганлари эса «юмшоқроқ айбловлар» учун колонияларда жазо ўташаётган эди.
«Маҳбуслар 26 ва 27 июл кунлари қочиб кетишган. Маълумотда айтилишича, улар Белгород ёки Шебекино ҳудудида бўлишлари мумкин», - деб ёзади «Пепел» шартнома бўйича хизматга кирганидан кейин улар «синов муддатидан ўтмаганини» аниқлаб. Олти нафари 26 июл куни полигонни рухсатсиз тарк этган, эртаси куни яна уч киши рухсатсиз чиқиб кетган. Қочганларнинг ўзлари билан қурол бўлган-бўлмагани кўрсатилмаган.
Ҳужум отряди инструктори ҳам қочган
Бундан ташқари, Astra Telegram-каналининг хабар беришича, «Шторм Z» бўлинмаси 138-штурм бригадаси инструктори Евгений Зарубин Украина ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлардан биридан қочиб кетган. Бу қисм асосан рус маҳбусларидан иборат. Astra хабарига кўра, қочоқ Курск вилоятида қидирилмоқда, унинг ёнида қурол йўқ ва уни федерал қидирувга бериш режалаштирилмаган.
Таъкидланганидек, Зарубин аввалроқ Харкив вилоятининг Волчанск шаҳри яқинидаги жангда отряднинг оғир йўқотишлари ҳақида эмоционал видео ёзган. Унинг сўзларига кўра, ўзи қўмондонлик қилган бўлинманинг фақат учдан икки қисмини олиб чиқишга муваффақ бўлган. Кейинчалик Зарубин раддия ёзишга мажбур бўлди, деб ёзади «Пепел».
Маҳбуслар «уруш охиригача» курашишлари керак
Украинага кенг миқёсли ҳужум бошланганидан ва рус армиясининг бир нечта мағлубиятларидан сўнг, Россия колониялардан маҳкумларни оммавий равишда ёллаш ва уларни урушга юборишни бошлади. 2023 йил баҳоригача бу Евгений Пригожиннинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси томонидан амалга оширилди. Кейин маҳбуслар тўғридан тўғри Россия Мудофаа вазирлигига бўйсунадиган «Шторм Z» бўлимига жалб этила бошланди.
2022 йилдан бери Белгород вилоятидан келган ёлланма аскарлар афв этилган ва олти ойлик жанговар ҳаракатларда қатнашганликлари эвазига озод қилинган. Афв этиш ҳақидаги фармонларни Россия президенти Владимир Путин имзолаган. Кейинроқ Британиянинг ВВС медиа-компанияси рус хизмати Украинага қарши жанг қилиш учун кетган маҳбуслар шартли равишда озод қилинаётгани ва улар «уруш охиригача» шартнома асосида хизмат қилишлари ҳақида хабар берди.
Мавзуга оид
15:50 / 16.11.2024
РФ ва Ғарб ўртасида янги маҳбуслар алмашинуви февралда бўлиб ўтиши мумкин
15:29 / 26.10.2024
Россияда колониядан 6 нафар маҳбус қочиб кетди
12:03 / 28.08.2024
Россия матбуоти Украина Белгород вилоятига ёриб ўтишга урингани ҳақида хабар берди
14:18 / 17.08.2024