Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани Ойдин маҳалласида пиёдалар йўлаги ажабтовур тарзда барпо этиляпти: ҳовлилар олдига 30 сантиметр ва ундан юқори баландликда бетон ётқизилган. Оқибатда аҳоли ўз ҳовлисига автомобилларини киритиш тугул, пиёда кириб-чиқишга ҳам қийналяпти.
«Муаммони ҳал этиш туман қурилиш бўлимига юклатилган», дейди ҳокимлик вакили.
Савол туғилади: тинч ва хотиржам яшаб турган фуқароларга муаммо яратиб берган ким? Қайси ақл ва фаросат билан бу ишга қўл урилди?
“Қамалда қолдик”
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Кичик ҳалқа йўли кўчасидаги Ойдин маҳалласида яшовчи фуқаролар уйлари олдига баланд бетон қоплама ётқизилганидан норози бўлиб Kun.uzʼга мурожаат қилди.
Аҳолининг айтишича, пиёдалар йўлаги қурилиши жараёнида айрим хонадонлар олдига қарийб 30 сантиметр баландликда цемент қопламаси ётқизилган. Натижада фуқароларнинг автомобилларини ҳовлига олиб кириши ва дарвозадан эркин кириб-чиқиши қийинлашган.
Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида мазкур ҳудудда бўлиб, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди.Ҳудудда яшайдиганлардан бири қурилиш ишлари ҳақида маҳалла аҳолиси олдиндан огоҳлантирилмаганини айтди.

“Бу нарсани бизни ҳеч ким огоҳлантирмаган. Нариги ёғидан қилиб келишганда биз кўриб келдик. У ёқ томонда ҳаммаси тўполон қилса ҳам ҳеч ким қулоқ солмаганди. У ёқларни ҳам кўриб келсангизлар, ҳамма ёқ тўсилган. Машинаси борлар машинасини ҳам олиб кира олмайди. Бизнинг кўчада дарвозаларгача тўсиқ қилиб қўйишган. Кириб-чиқишга ҳам, бошқа қилишга ҳам. Бу, менимча, нотўғри: ‘Скорий’ келиши бор. Газонга қолдиришган, мана, дарахтларни экиб, ҳамма ёқни тўсиб ташлашяпти.
Машиналаримизни қаерга қўйишимиз керак? Масалан, сариқ полоса чизиб келишяпти. Хонадонга мана шу машиналарни ҳеч ким олиб кира олмаяпти. Мен ўйлайманки, машина кирадиган жойларимизни очиб беришса, машинамиз қўядиган жой ҳам қилиб беришса”.
Яна бир фуқаронинг айтишича, пиёдалар йўлаги қурилишида хонадонлар дарвозаси ва автомобиллар кириб-чиқиши ҳисобга олинмаган.

“Бўлаётган ишларга одам ҳайрон. Бу ерда бизни одам ўрнида кўришмаяпти. Давлат билмадим қаёққа қараяпти. Нима қилишяпти? Мана, дарвоза қуриб қўйганмиз. Ҳамма қўшниларимизнинг дарвозаси бор, бу ерга машина кириши керак. Энди мана шу тротуардан кейин қанақа машина киради? Майли, тротуар қилишар экан, кейин кўчага қўйишга ҳам рухсат беришмас экан. Бу нима аҳвол? Устимиздан кулишяптими, тушунмаяпмиз.













