Тошкентда икки нафар бола кўп қаватли уй хонадонидаги ёнғиндан қутқарилди
Учтепа туманида ёнғин бўлаётган уйдан 5 ва 7 ёшли бола қутқариб қолинди. Хонадон эгалари уларни ёлғиз қолдириб, эшикни қулфлаб кетган.

Фото: Видеодан кадр
15 август куни Тошкент шаҳри Учтепа тумани 13-мавзедаги 5-кўп қаватли уйда ёнғин содир бўлди.
Пойтахт ФВБ хабарига кўра, соат 13:04 да ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар тушган, 3 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 13:13 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 13:29 да бартараф этилган.
Millar кўрсатувида айтилишича, 5-қаватдаги хонадон эгалари уйда 2 нафар ёш болани ёлғиз қолдириб, эшикни ташқаридан қулфлаб кетган.
«7 ёшли бола ойнадан ташқарига чиқиб, пастга сакрайман деганда ва сакраганда махсус гилам орқали шу ердаги аҳоли уни қутқариб қолган», — деди ФВБ матбуот котиби Зуҳриддин Қурбонов.
Ичкарида қолган 5 ёшли бола эса қутқарувчилар томонидан олиб чиқилиб, ҳаёти сақлаб қолинган ва тиббиёт ходимларига топширилган. Ҳозирда уларнинг аҳволи яхши.
Ҳодиса оқибатида хонадоннинг 20 метр квадрат майдонда уй жиҳозлари ёниб зарарланган. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.