Жаҳон | 00:55 / 19.08.2024
3129
2 дақиқада ўқилади

Африка ғарбида 7,3 млн одам ҳарбий можаролар туфайли қочқинга айланди

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармасининг маълум қилишича, 2023 йилда бутун дунёда мажбурий кўчирилганлар сони рекорд даражадаги 117,3 млн кишига етган.

Ғарбий Африканинг 7,3 миллиондан ортиқ аҳолиси қуролли можаролар ва табиий офатлар оқибатида қочқинларга айланди, деб хабар беради The Guardian.

Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамияти комиссияси (ECOWAS) раисининг ўринбосари Дамтен Чинчибижага кўра, можаролар, зўравонлик ва табиий офатлар оқибатида 7 миллион 337 минг фуқаро кўчишга мажбур бўлган.

«Уларнинг 6 миллион 526 минг нафари ички кўчирилганлар бўлса, 811 минг нафари қочқинлардир», — дейди у.

Чинчибижанинг таъкидлашича, Ғарбий Африка мамлакатларидаги ҳозирги вазиятга ҳарбий можаролар тўхтамаётгани туфайли гуманитар муаммоларнинг кескинлашгани сабаб бўлмоқда. Буларнинг барчаси, айниқса, Саҳел зонаси ва Чад кўли ҳавзасида оммавий қочқинларга ҳамда озиқ-овқат етишмовчилигига олиб келяпти.

Комиссия раиси ўринбосари жаҳон ҳамжамиятини қочқинлар ва фуқаролиги йўқ шахсларга 9 миллион долларга яқин маблағ ажратган ECOWAS раҳбарияти саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга чақирди.

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармасининг (UNHCR) маълум қилишича, 2023 йил охирига келиб мажбурий кўчирилганлар сони рекорд даражадаги 117,3 миллион кишига етган.

Кўчирилганлар сонининг кўпайишига Судан, Конго ДР, Мянма ва Ғазо секторидаги можаролар таъсир кўрсатган. БМТ Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йил охирига келиб, «ҳалокатли зўравонликлар 1,7 миллионга яқин одамни Ғазо секторини тарк этишга мажбур қилган».

Мавзуга оид