Мюллер ва Кейн яна бир бор тарихга киришди

«Бавария» — «Динамо» Загреб 9:2
Голлар: Кейн (19 пеналти, 57, 73 пеналти, 78 пеналти), Геррейру (33), Олисе (38, 61), Сане (85), Горетцка (90+2) — Петкович (49), Огивара (50).
«Бавария» – Нойер (Улрайҳ, 46), Дэвис, Ким Мин Жэ (Дайер, 69), Упамекано, Геррейру (Горетцка, 81), Павлович, Киммиҳ, Олисе (Сане, 68), Гнабри, Мусиала (Мюллер, 68), Кейн.
«Динамо» Загреб – Невистич, Огивара (Хожа, 73), Пер-Габриэл (Шпикич, 73), Ммаэ, Теофил-Катрин, Ристовски, Батурина (Адеми, 78), Мишич, Рог (Стойкович, 46), Пяца (Куленович, 61), Петкович.
Огоҳлантириш: Ристовски (77).

Бу ўйинда барчаси олдиндан маълум эди. Бу ўйинда гап фақат «Бавария» қанча гол уришида эди — ўйин арафасида эса Мюллер мюнхенликлар сафида барчадан кўп ўйин ўтказган футболчи сифатида тақдирланди. Томасга 710 рақамли (юбилей кўрсаткичи) футболка топширилди, унга яна бир шундай футболка тайёрлаш ҳам мумкин эди. Чунки у захирадан ўйинга қўшилиб, турнирда бир жамоа сафида ўтказган ўйинлари сони (152) бўйича Хавини ортда қолдирди ва рекордчига айланди.

Биринчи бўлимда унинг жамоадошлари VAR билан ҳамкорликда ўзига хос акция уюштиришди. Видеотакрорлардан кейин мезбонларнинг икки голи офсайд туфайли бекор қилинди, аммо бир голни ҳисобга олишда ёрдам берди, шунингдек Кейн аниқ ижро этган биринчи пеналти тайинланишига сабаб бўлди. Шу куни англиялик ҳужумчи покер қайд этиб, шундан учтасини 11 метрлик нуқтадан урди. Ҳарри аввалига Уэйн Рунига етиб олди, кейин ЕЧЛда энг кўп гол урган (33) инглиз футболчисига айланди, «Бавария» эса «Реал» қилган ишни такрорлади. Бунгача фақат мадридликлар турнирда 60 марта 11 метрлик жарима зарбасини ижро этганди.

Мюнхенликлар учун барчаси силлиқ кечмади, Нойер жароҳат олгач, унинг ўрнига тушган Улрайҳ икки зарбада икки гол ўтказиб юборди. Лекин холис бўлиб айтиш керакки, бу вазиятларда қутқариш қийин эди. Жамоадаги барча футболчилар хотиржамликка берилганди. Лекин учта гол фарқи минимумгача қисқаргач, барча бир вақтда уйғонди. Тўғрироғи, хорватлар немис йиртқичини уйғотиб юборди ва яна олтита гол ўтказди. 9:2 — ҳақиқий хўрлаш. Турнирда илк бор бундай самарадорлик 1990 йилда кузатилганди, ўшанда «Реал» «Тирол» мудофаасини пароканда қилган (9:1).