Жаҳон | 14:24 / 27.09.2024
9508
5 дақиқада ўқилади

«Қурбонлар кўп бўлиши мумкин». «Ҳелен» тўфони Флоридага ёпирилди

70 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинган. Синоптикларнинг прогнозлари шу қадар жиддийки, эвакуациядан бош тортган одамлардан қўлларига ўз исми-шарифи ва туғилган кунини сиёҳ билан ёзиб олиши талаб қилинмоқда, бу улар вафот этган тақдирда шахсини аниқлаш учун керак бўлади.

Фото: Getty Images

Расмийлар ва синоптиклар ўз йўлидаги барчага ҳалокатли хавф туғдираётганини айтаётган «Ҳелен» тўфони жумага ўтар кечаси Мексика кўрфазидан чиқиб, Американинг Флорида штатига етиб келди.

Қуруқликка чиқиши арафасида «Ҳелен» кескин кучайган: Америкадаги Довулларни ўрганиш бўйича миллий марказ унинг тоифасини тўртинчи даражага — «фавқулодда хавфли тўфон» даражасигача кўтарган.

Флоридадаги кўплаб округлар ва аҳоли яшаш манзилларини довул соҳилга чиқишидан олдинроқ сув босди ҳамда электр ва алоқа узилди.

Флорида губернатори Рон Десантис маҳаллий вақт билан тунда ўтказилган матбуот анжуманида ҳозирча фақат бир қурбон ҳақида маълумот борлигини айтди — бу ўлим Тампа шаҳри ҳудудида рўй берган. Шу билан бирга, довулнинг «кўзи» Тампадан 150 километр ғарброқдан ўтган.

«Ҳелен»нинг асосий зарбаси етиб келмасидан кучли ёмғир туфайли Флорида соҳиллари сув остида қолди

Десантис довул марказида шамол жуда кучли экани ва бу одамлар учун торнадоники каби хавфли эканини айтган.

«Флоридаликлар тонгда уйғонганида, катта эҳтимол билан янги қурбонлар ҳақида хабар топишади. Ва шуниси аниқки — моддий йўқотишлар ҳақида ҳам», — деган губернатор Десантис.

Метеорологлар «Ҳелен» қуруқликка чиққанидан кейин доимий шамол тезлиги соатига 215 километрга чиқишини прогноз қилишган. Европа учун хос бўлган Бофорт шкаласига кўра бундан икки баробар «кучсизроқ» — 117 км/с тезликдаги шамолни ҳам довул деб аташади.

Синоптиклар ва маҳаллий расмийлар огоҳлантирганидек, океан соҳилида сув сатҳи айрим жойларда олти метргача кўтарилиши мумкин, мамлакатнинг кўплаб ҳудудлари кучли ёмғир туфайли сув остида қолади.

Довулларни ўрганиш бўйича миллий марказ директори ўринбосари Жейми Роум CNN телекомпанияси эфирида «Ҳелен» қуруқлик ичкарисида бемисл сув тошқинлари келтириб чиқариши ва катта эҳтимол билан кўпчиликни ҳаётдан олиб кетиши мумкинлигини айтган.

«Тарихий нуқтайи назардан ўлим ҳолатларининг 50 фоизи айнан шундай вазиятларда содир бўлган. Бундай сув тошқинлари одатда кўплаб қурбонларга сабаб бўлади», — деган Роум.

Минглаб флоридаликлар эвакуация қилинган ҳамда мактаблар ва бошқа биноларга жойлаштирилган

Довулларни ўрганиш бўйича миллий марказ директори Майкл Бреннан довул қуруқликка чиқишидан бир неча соат олдин айрим жойларда яшаб бўлмайдиган ҳолат юзага келиши мумкинлигини айтганди.

Флориданинг соҳилга яқин округларидан бирининг шерифи офис эвакуациядан бош тортганлар учун қатъий оҳангдаги мурожаат йўллади: шериф бундай одамлар ҳалок бўлганидан кейин шахсига аниқлик киритишда осон бўлиши учун қўл ёки оёғига сиёҳ билан исми-шарифи ва туғилган куни ҳақидаги маълумотларни ёзиб олишни талаб қилган.

«Агар сиз ёки сизнинг танишларингиздан кимдир эвакуация қилмасликка қарор қиладиган бўлса, марҳамат қилиб исмингиз, туғилган кунингиз ва бошқа муҳим маълумотларни ўчмайдиган маркер билан қўл ёки оёғингизга ёзиб олинг, бу кейинчалик шахсингизга аниқлик киритиш ва қариндошларингизга хабар бериш учун керак бўлади», — дейилади Тейлор округи шерифи офиси мурожаатида.

Бу округ Флорида шимолида, Мексика кўрфазининг «катта бурилиш» деб аталадиган соҳил қисмида жойлашган — «Ҳелен» айнан шу жойда соҳилга чиққан.

Флоридадаги ёнилғи қуйиш шохобчаси ишчилари довулга тайёргарлик кўриб, барча нарсани имкони борича ҳимоялашган

«Ҳелен» қамраб олган майдони билан ҳам ажралиб туради: бир неча юз километрлик диаметри билан у сўнгги юз йилликда Мексика кўрфазида юзага келган энг йирик довуллардан бирига айланди.

Довул марказидан 150 километр масофада бўлган Тампа шаҳрида океан суви рекорд даражада кўтарилиши қайд этилган — нормадагидан қарийб икки метр юқорига.

Агентликлар хабар беришича, бутун Флоридада, шунингдек, довулнинг кейинги манзили бўладиган қўшни Жоржияда довулнинг асосий зарбаси келмасидан 800 мингдан ошиқ уй ва корхоналар электр таъминотисиз қолган.

Флоридадан кейин «Ҳелен» траекторияси Жоржия ва бошқа штатлар бўйлаб ўтади ва бу ҳудудларда ҳам жиддий вайронгарчиликлар рўй бериши кутилмоқда.

Мавзуга оид